Уй, автомобиль, кредит: Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудларига бориб ишлаган шифокорларга нималар ваъда қилинади?

мар 05 / 2019
alt
 
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикасининг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларида кадрлар таъминотини яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
 
Лойиҳада Қорақалпоғистоннинг олис ва етиб бориши қийин бўлган ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларида кадрлар таъминотини ва салоҳиятини ошириш мақсадида уларни моддий қўллаб-қувватлаш юзасидан қуйидаги шартлар белгиланмоқда:
 
• Қорақалпоғистон бюджет даромадлари режаси ортиғи билан бажарилиши қисми ҳисобидан олис ва етиб бориши қийин бўлган ҳудудларга ишга борган мутахассисларни 10 йил ишлаб бериш шарти билан уй-жой билан таъминлаш ва 10 йилдан кейин хусусийлаштириб бериш.
 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг маҳаллий бюджетнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан Қорақалпоғистоннинг олис ва етиб бориши қийин бўлган ҳудудларидаги тиббиёт муассасалари ходимларига енгил автомобиллар ва маиший техникалар сотиб олиш учун истеъмол кредитлари ажратиш мақсадида тижорат банкларига йиллик 10 % миқдорида 5 йил муддатга депозит маблағларини жойлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланмоқда.
 
Тижорат банклари томонидан ушбу депозит маблағлари ҳисобидан кредит бериш санасида Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида қуйидаги шартлар асосида истеъмол кредитлари ажратилиши белгиланмоқда: 
 
• енгил автомобиллар сотиб олиш учун:
 
кредит муддати - 5 йилгача;
кредит бўйича имтиёзли давр – 6 ой;
дастлабки бадал - сотиб олинадиган автотранспорт воситаси қийматининг камида 15 фоизи миқдорида;
 
• маиший техникалар сотиб олиш учун:
 
кредит муддати - 3 йилгача;
кредит бўйича имтиёзли давр – 3 ой.
 
“Ўзавтосаноат” АЖга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этиладиган тиббиёт ходимлар рўйхати асосида улар томонидан тижорат банклари кредитлари ҳисобига мамлакатда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини сотиб олишда кўмаклашиш тавсия этилмоқда.​​

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг​​

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *