Ургутда ҳомиладор аёлнинг ўлими юзасидан расмий маълумот берилди

июл 17 / 2019

 

Аввалроқ Ургут туманида ҳомиладор аёл вафот этгани хабар қилинганди. Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълумот берди.

Аниқланишича, 21 ёшли С.Э. 2019 йил 4 январда «Ҳомиладорлик I 12-13 ҳафталик» ташхиси билан Ургут туман 1-сон марказий шифохонаси поликлиникасида ҳисобга олинган. Аёл оиласи билан Самарқанд шаҳрида яшаши, Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўқиши сабабли ҳомиладорлик индивидуал картасини 2019 йил 16 февралда Самарқанд шаҳар 2-сон оилавий поликлиникасига олиб кетган.
 
2 июль куни соат 12:00 да Ургут туман 1-сон шифохонаси туғруқ бўлимига қабул қилинган. Врачлар кўригидан сўнг унга “Ҳомиладорлик I 40 ҳафта. Туғруқ I. Туғруқнинг I даври. Бош-чаноқ номутаносиблиги. Ҳомиланинг ноаниқ ҳолати. Анемия ўрта оғир даражаси. HbsAg манфийлиги” ташхиси қўйилган ва туғруқ кесар-кесиш орқали олиб борилган.
 
Туғруқдан кейинги давр яхши кечган, аммо 6-7-суткада аёлда тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин дам бўлиши кузатилган. 10 июль куни малакали хирурглар томонидан кўрилиб, қайта операция қилинган. Аёлда операциядан кейин артериал қон босими тушган, полиорган етишмовчилиги кузатилган. Малакали мутахассислар кўриги ва ўтказилган муолажаларга қарамай, 14 июль куни соат 21:30 да биологик ўлим қайд қилинган.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *