Урганчда ўзига ўт қўйиб, сувга сакраган йигитнинг аҳволи маълум қилинди

июн 21 / 2019

alt

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган баданига олов ёқилган ҳолда сувга сакраган шахс видеоси юзасидан расмий муносабат билдирди.
 
«19 июнь куни турли ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан ички ишлар органлари томонидан олиб борилган дастлабки суриштирув жараёнида видеолавҳада ўзлари акс этган ва овози қайд этилган кимсаларнинг шахсига, ҳодиса қачон ва айнан қаерда бўлганлигига аниқлик киритилди», — дейилади хабарда.
 
Аниқланишича, ушбу шахсларнинг барчаси (тўрт нафар)  Хоразм вилоятида яшайди, улардан бири 1992 йилда, қолган уч нафари эса 1999 йилда туғилган. Видеода қайд этилган ҳолат 18 июнь куни Урганч шаҳридан оқиб ўтувчи Шовот канали устидаги пиёдалар ўтиш кўпригида содир бўлган.
 
Танасида ёниб турган олов билан сувга сакраган шахс 19 июнь куни шифохонага мурожаат қилган, унга «оловдан чап қўл елка, бўйин, иккала курак ва бел соҳалари I-II-IIIА даражали термик куйиш. С-20%. Куйиш касаллиги, куйиш шоки ўрта оғир даражаси» ташхиси қўйилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган.
 
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Урганч шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *