Қотилликни охирига етказа олмаган йигит қўлга олинди – Бош прокуратура
Жорий йилнинг 21 апрель куни соат 10:00 ларда Наманган шаҳри, “Янги аср” маҳалласида яшовчи О.М. (1995 й.т.) Наманган шаҳридаги чорва моллари бозорида қариндоши М.М. (1993 й.т.) билан ўзаро “қарз олди-берди” масаласида жанжаллашиб қолганларида, бозордаги фуқаролар томонидан ажратилган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабарига кўра, шунга қарамай, О.М. жанжалдан сўнг М.М.ни қасддан ўлдириш мақсадида ёнида бўлган ошхона пичоғи билан унинг орқа томонидан ҳужум қилиб, бир неча маротаба пичоқ урган, бироқ ҳодиса гувоҳи бўлган фуқаролар томонидан ажратиб қолинганлиги натижасида, О.М. ўз жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда охирига етказа олмай, ҳодиса жойидан қочиб яширинган.
Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамлар натижасида, М.М.нинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Наманган шаҳар прокуратураси томонидан О.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. О.М. тегишли процессуал тартибда ушланган.
Хабар ва янгиликларни Одноклассники, Facebook, Twitter, Telegram'да ҳам кузатиб боринг
- Шархлар
- Фикрингизни қолдиринг