Қорақалпоғистонлик йигит қабристонда севгилиси ва ўзини пичоқлади

мар 26 / 2019

alt

Қонликўл туманида фуқаро Шинберген Кенгесбаев (1995 йилда туғилган) бошқа фуқарога турмушга чиққан собиқ севгилиси Д.Коптлеуова (1998) ва ўзини пичоқлади. Ҳодиса 1 март куни соат тахминан 19:30 да, «Бешкўпир» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Ешимахун» қабристонида содир бўлган

Бош прокуратурадан маълум қилишларича йигит дастлаб севгилисига ошхона пичоғи билан бир неча маротаба тан жароҳати етказган. Сўнгра ўзининг қорин қисмига бир неча маротаба уриб, бўйин ва билак қон томирларини кесган ва акаси Арслон Абдимуратовга қўнғироқ қилиб, ҳолат ҳақида хабар берган, деб ёзмоқда gazeta.uz.

Суиқасд натижасида Д.Коптлеуова туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинаётганда вафот этган, Шинберген Кенгесбаев жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 1 март куни Қонликўл туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Қорақалпоғистон прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Жиноят иши бўйича 16 март куни Шинберген Кенгесбаев гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Қонликўл туман судининг ажрими билан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Иш бўйича гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Арслон Абдимуратов 1 март куни соат тахминан 19:40 да қўнғироқ қилиб, акасининг ўғли Шинберген унга: «Арслон ака, мени кечиринг, қизни пичоқлаб қўйдим. Иккаламизни шу ерга кўминг», — деб айтганлиги ҳақида кўрсатма берган.

Мазкур жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида сўроқ қилинган Шинберген Кенгесбаев ўз кўрсатмасида 2016 йилдан буён Д.Коптлеуова билан гаплашиб, севишиб юрганини маълум қилган. У 2019 йил январ ойида Тошкент шаҳрига ишлаш учун кетиб, 27 февраль куни қайтиб келади. Д.Коптлеуова билан телефон орқали гаплашганида, унинг Қонликўл туманида яшовчи С.Куралбаевга турмушга чиққанини эшитиб, жаҳли чиқади.

1 март куни Д.Коптлеуова Нукусдан Қонликўл туманига келганида уни кутиб олади ва биргаликда Қўнғирот туманига бориб, бозордан янги пичоқ сотиб олади. Сўнгра иккиси ўз жонларига қасд қилиш мақсадида биргаликда «Бешкўпир»даги «Ешимахун» қабристонига боради. Йигитнинг айтишича, аввалига Д.Коптлеуова ўзига ўзи пичоқ уради. Бу вақтда у кўзини юмиб туради. Шундан сўнг унинг қўлидан пичоқни олиб, ўзига уради.

Айни вақтда иш бўйича суд криминалистика, дактилоскопия, биология, стационар психиатрия экспертизалари тайинланган.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *