Қашқадарё вилоятида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилди

фев 05 / 2020

alt

Жорий йилнинг 1 ва 3 феврал кунларида Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги И.Каримов кўчасидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари содир этилган. Ҳар икки вазиятда ҳам дарё бўйида жойлашган “Қашқадарё соҳили” сайлгоҳида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга сафарбар этилган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ёшлар келажагига бефарқ бўлмаган фуқароларимизнинг саъй-ҳаракатлари натижасида уларнинг ҳаётлари сақлаб қолинган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси матбуот хизмати хабар берди.

Биринчи ҳолатда 1-феврал куни соат 15:10 ларда 2002 йилда туғилган фуқаро С.Р. кўприкдан ўзини ташламоқчи бўлган. Ўқувчи қиз хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари Д.Жакбаров ва А.Қурбоновлар томонидан ўз вақтида қутқариб қолиниб, РШТЁИМ Қарши филиалига етказилган ва тиббий текширув ўтказилганда, унда ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган. Маълум бўлишича, фуқаро С.Р. оила аъзолари билан ўзаро зиддият туфайли шу ишга қўл урган.

Навбатдаги ҳолат эса биринчи вазиятдан кўра аянчлироқ оқибатларга олиб келди. 3 феврал куни тахминан соат 14:50 ларда дарё қирғоғи олдида содир бўлган ўз жонига қасд қилиш ҳолатида 2000 йилда туғилган вақтинча ишсиз фуқаро А.Х. қўлида бўлган шиша синиғини ўзининг бўйин ва қорин соҳаларига санчиб олиб, ўзини дарёга ташлаган. Юз берган воқеани кўрган, 1990 йилда туғилган, Ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Ш.Мирзоева дарҳол шу ҳудудда хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари О.Рахматов ва А.Усмоновларга хабар берган. Ўз ўрнида ҳарбий хизматчилар зудлик билан фуқаро А.Х. ни сувдан қутқариб чиқиб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатганча, РШТЁИМ Қарши филиалига етказганлар. Тиббиёт ходимлари томонидан фуқаро А.Х га тез-тиббий ёрдам кўрсатилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳозирда унинг аҳволи қониқарли даражада. Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ишлари бошланган.

Содир этилган ҳодисаларнинг “қаҳрамонлар”и ёшлар экани одамнинг дилини хира қилади. Хали неча баҳорни қарши олди-ю, ҳаётнинг оғир заҳматини ўз бўйнига олгандек, сўнгги чора сифатида ҳаётдан кўз юмишни афзал кўрдилар? Ёшларни номақбул йўллардан қайтаришда ҳар биримиз маълум даражада ҳисса қўшмоғимиз даркор. Унутманг, ўз жонига қасд қилиш сўнгги чора эмас!

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *