Қаршида Абдулла Орипов номидаги мактаб-интернат қурилмоқда, унга ҳужжат қабул қилиш ишлари бошланди

июл 21 / 2017

alt

Шу кунларда Қарши шаҳрининг Ўзбекистон кўчасида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат биноси қад ростламоқда.

Мактаб шу кўчада жойлашган “Баркамол авлод” болалар маркази ёнида “Пудина Қувончбек” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қурилмоқда. Бу ерда 150 ўринли ўқув блоки, 50 ўринли ётоқхона ва 50 ўринли ошхона бинолари бўлади. Мактаб ёнида шоир ҳайкали ўрнатилади. Бинога кираверишдаги катта зал Абдулла Орипов музейига айлантирилади.

Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси бош мутахассиси Мавлуда Тошеванинг маълум қилишича, жорий йил 1 июлдан мактабда ўқиш истагини билдирган номзодлардан ҳужжат қабул қилиш бошланган.

“Бу йил 5-, 6-, 7-, 8-синфларга ўқувчи оламиз. Атоқли шоир номи билан аталувчи мактабда ўқишга ёшларнинг қизиқиши жуда баланд. Буни ҳужжат топширувчиларнинг кўплигидан ҳам билиш мумкин”, - дейди у.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қарши шаҳрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳайкалини ўрнатиш лойиҳаси билан танишиб, уни такомиллаштириш, шоир номидаги мактаб ҳамда унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган музей ташкил этиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берганди. Шунга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 майдаги қарори билан шоир туғилиб ўсган вилоят марказида Абдулла Орипов номидаги мактаб-интернатни ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланганди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *