Тойлоқ тумани ҳокими аёлларнинг хорижга ишлашга кетаётганини танқид қилди ва эркакларни масъулиятли бўлишга чақирди

окт 15 / 2018

 

– Тумандан 4650 нафар хотин-қиз ишлаш мақсадида хорижга кетган, шундан 1851 нафари Туркия, 1307 нафари, 230 нафари Исроил, 195 нафари Корея, қолгани эса турли ўлкаларда

alt

Ҳозирги кунда тумандан 4650 нафар хотин-қиз ишлаш мақсадида хорижга кетган бўлиб, шундан 1851 нафари Туркияда, 1307 нафари Россияда, 230 нафари Исроилда, 195 нафари Кореяда, қолгани эса турли ўлкаларда сарсон-саргардон юрибди. Тойлоқ тумани ҳокими Баҳодир Бобоназаровнинг туман аҳолисига мурожаатида бу ҳақда айтилади. 

"Қўшчинор" газетасида эълон қилинган мурожаатда қайд этилишича, хотин-қизларнинг чет элда яшаб, ишлаши, у ердаги енгил-елпи ҳаётга учиб, оиласидан, болаларидан воз кечиб кетиши натижасида оилавий ажримлар сони ортиб, фарзандлар қаровсиз қолмоқда. Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида Тойлоқ туманида эр-хотин ўртасидаги ажримлар сони 181 тага етган. 

"Турли сабабларга кўра пароканда бўлган оила фарзандларининг келажагини ким ўйлайди? Пушти камаридан бўлган зурриёдларига тўғри тарбия бериш у ёқда турсин, ҳатто уларнинг моддий таъминотини ўйламай, ризқини қияётган, алимент тўлашдан бош тортаётган кимсаларни қандай ота деб аташ мумкин?

Келинглар, хулоса чиқарайлик! Бизни эркак деб билиб, елкамизга бош қўйган аёлимизни, ишонган тоғи деб билган фарзандларимизни асрайлик! Эркак деган номга лойиқ бўлайлик!" – дея таъкидлайди ҳоким.

Шунингдек, Баҳодир Бобоназаров тўй-маъракалардаги ортиқча дабдабабозликни кескин танқид қилган.

"Оилавий низолар, ажримлар, қариндош-уруғ, қуда-андаларнинг юз кўрмас бўлишига олиб келаётган бу иллатнинг томир отишига маърака ва маросимларда янгича урф-одатларни жорий этиш, ортиқча сарпо-суруқлар қилиш, айниқса, бўлажак келинларимиз куёвнинг уйига қимматбаҳо мебелу, жиҳозлар билан бориши сабаб бўлмаяптими?! Бу ҳолат эр-йигитларимизнинг иззат-нафсига тегмаяптими? Ота-онасига «Мана бунақа мебелни олиб берасиз» деб, нархи осмондагисини кўрсатаётган қизларимизнинг ҳаёси қаерда қолди?! Наҳотки, улар ўша биз билган Бибихоним, Нодирабегим, Увайсий, Тўмарис авлоди бўлса?! Қачон бу ҳақда ўйлаб кўрамиз?! Қачонгача мисқоллаб йиққан маблағимизни бир кунлик ҳою ҳавас учун шамолга совурамиз? Кибру ҳаво, манманлик касаллигидан қачон халос бўламиз?!" – дейилади мурожаатда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *