Тошкентда янги мактаблар қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 800 млрд сўм ажратилади

авг 19 / 2019

alt

Вазирлар Маҳкамасининг 17 августдаги қарори билан 2019-2020 йилларда Тошкент шаҳрида янги мактаблар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун 800 млрд сўм маблағ ажратилади.
 
Қарорга кўра, 2019 йилда пойтахтда мактаблар қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 400 млрд сўм ажратилмоқда. Қарор билан 2019 йилда реконструкция қилинадиган 10 та мактаб ва таъмирланадиган 40 та таълим муассасаси рўйхати ҳам тасдиқланди. Уларнинг қуввати 57,01 мингни ташкил этиб, уларда 69,22 минг нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ушбу рўйхатда, жумладан, Тошкент шаҳридаги қурилганидан бери бирон маротаба инвестиция дастурига киритилмаган 16 та мактаб ҳам киритилган.
 
Жумладан, 367,95 млрд сўмга яқин маблағ қурилиш-тиклаш ишларига йўналтирилади ва 32,05 млрд сўм инвестициялар мактабларни жиҳозлашга сарфланади.
 
2020 йилда умумтаълим муассасаларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун яна 400,0 млрд сўм ажратиш режалаштирилган.
 
Икки ой муддатда 2020 йилда ажратиладиган 400 млрд сўм маблағ ҳисобидан янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган умумий ўрта таълим муассасаларининг манзилли рўйхати шакллантирилади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
 
2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги ўқувчилар сони қувватига нисбатан кам бўлган умумий ўрта таълим мактабларини ўқувчилар сони қувватига нисбатан ортиқ мактабларга тармоқ мактаб сифатида бириктирилади. Қарорда таъкидланишича, янги ўқув йилида 9 та тармоқ мактаблари ташкил этилади.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *