Тошкентда қурилаётган уч поғонали йўл ўтказгич 2019 йилнинг охиригача фойдаланишга топширилади

янв 09 / 2019

Тошкент шаҳрининг Оҳангарон ва Паркент кўчалари кесишмасида шу кунгача хали қўлланилмаган 3 қаватли йўл ўтказгични жорий йил охирига қадар тўла қуриб битириш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган, деб хабар беради «Ўзбекистон темир йўллари».

Лойиҳага кўра, дастлаб умумий узунлиги 484, кенглиги 26,7 метрни ташкил этувчи туннель қурилади. Мазкур иншоотнинг баландлиги жаҳон стандартларига мос равишда 5,5 метр бўлиб, ҳар икки йўналишда 3 та автомобиль йўлаги барпо этилади. Шунингдек, бу ерда лойиҳа доирасида ёритиш тизими, сув чиқариш ариқчалари қурилади. 

Иккинчи босқичда ер сатҳидан 1 метр баландликда диаметри 50 метрни ташкил этадиган доирасимон йўл ўтказгич қуриш ишлари олиб борилади.

Қайд этилишича, ушбу ҳудудда Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи улкан йўл ўтказгич тикланиши ҳам режалаштирилган. Мазкур иншоот Тошкент вилоятининг Паркент, Юқори Чирчиқ, Бўстонлиқ туманлари томон ҳаракатланувчи автомобиллар бошқарувчилари учун қатор қулайликлар яратади. 

Хусусан, мазкур ҳудудларга элтувчи замонавий магистрал бунёд этилади. Унинг натижасида ушбу ҳудудларгача бўлган масофа деярли 20 км.га қисқаради. Йирик йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 618, кенглиги 30 метрни ташкил этади ва 6 та автомобиль йўлагига мўлжалланган бўлади. 

Ҳозирда «Кўприкқурилиш» трести унитар корхонаси ишчи-ходимлари томонидан туннель қазиш ишлари олиб борилмоқда. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *