Тошкентда қалбаки ва ноқонуний дори воситаларига қарши кураш соҳасида резолюция қабул қилинди

июл 09 / 2019

alt

9 июль куни Тошкентда “Санофи” компанияси кўмагида “Қалбаки ва ноқонуний дори воситалари айланишига қарши кураш” мавзуида Халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилди. Конференция якунлари бўйича Ўзбекистонда қалбаки ва ноқонуний дори воситаларига қарши курашишда давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва хусусий компанияларнинг ҳамкорлик қилиши соҳасида резолюция қабул қилинди. 
 
Тадбирнинг очилиш маросимида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев ҳамда Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Виолен де Вильмор хоним иштирок этдилар. 
 
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – тобора ўсиб бораётган сохта препаратлар ишлаб чиқариш ва тарқалиш муаммосига аҳоли эътиборини жалб қилиш ҳамда фуқароларни бу ҳақдаги хавфлардан хабардор қилишдан иборат. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, сохта маҳсулот дунё миқёсида ҳар йили 100 000 нафардан 1 миллион нафаргача бўлган инсонлар ҳаётига зомин бўлиши мумкин.
 
«Бугун экспертлар муҳокама қилган қалбаки дори воситалари муаммоси барчани хавотирга солмоқда, чунки сохта дорилар инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Европада қалбаки ва ноқонуний дори воситаларига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу муаммо ҳақида нафақат гапириш, айни дамда уни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга», - деди Франция элчиси Виолен де Вильмор хоним.
 
alt
 
«Бугунги конференция Ўзбекистонда қалбаки ва ноқонуний дори воситаларининг муомалада бўлишига қарши кураш соҳасида муҳим воқеа ҳисобланади. Препаратларни қалбакилаштириш умуммиллий миқёсдаги муаммо саналади, ҳар бир сохта дори ўрами эса, фуқаролар саломатлиги ва ҳаётига катта хавф туғдиради. 2018 йилда фармацевтика хавфсизлиги институти томонидан дунё миқёсида сохта тиббиёт маҳсулотлари билан боғлиқ 4405 та ҳолат рўйхатга олинган. Уларнинг 665 таси МДҲ мамлакатларига тўғри келади. Бутун халқаро ҳамжамиятга жиддий хавф солаётган умумий муаммога қарши курашишнинг муҳимлигини эътиборга олган ҳолда, биз конференция иштирокчилари билан ушбу устувор вазифа давлат-хусусий шерикчилиги орқали, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва хусусий компаниялар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш йўли билан самарали амалга оширилиши мумкин, деган фикрга келдик», - деди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев.
 
 «Биз ҳар йили соғлиқни сақлаш соҳасида янги чақириқларга дуч келамиз. Янги инновацион терапевтик ечимлар билан бирга қалбаки дорилар бозори ҳам ривожланмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳам тегишли бўлган ривожланаётган бозорларда қалбаки дори маҳсулотларининг улуши дунё миқёсидаги қалбаки сохта маҳсулоти айланмаси улушидан 10%дан 30%гачани ташкил этиши мумкин. Биз, “Санофи” компаниясида ноқонуний ва сохта дори воситалари томонидан келадиган беморлар хавфсизлиги ҳақида ташвишдамиз, шу боис бугун мана шундай муҳим анжуманда иштирок этаётганимиздан ва келгусида мазкур муаммога қарши курашишда ваколатли давлат органларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишдан хурсандмиз», - деди “Санофи” компаниясининг хавфсизлик департаменти раҳбари Эдмонд д’Арвьё. 
 
Юзага келган вазиятни бартараф этиш йўли сифатида жаноб д’Арвьё дори воситалари бозорини такомиллаштиришни ҳамда давлат, ишлаб чиқарувчилар, шифокорлар, халқаро ташкилотлар ва ушбу препаратларни истеъмол қилувчилар ишини бирлаштиришни таклиф этди.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *