Тошкентда медиация институтининг жорий этилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

мар 19 / 2019

alt

Жорий йилнинг 19 март куни ўқув коллежларининг бирида Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси ва Миробод туман бўлими ходимлари томонидан аҳоли вакиллари, Миробод туманининг 4 та сектор вакиллари, мутахассис ва талабалар иштирокидаги тадбир ўтказилди.

Тадбир Давлатимиз раҳбарининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” (жорий йилнинг 12 мартдаги ПҚ-4236-сонли)ги Қарори доирасида ўтказилиб, унинг моҳияти тадбир иштирокчиларига батафсил тушунтириб берилди.

Қарор бўйича ижро ҳаракатлари жараёнида ортиқча овворагарчилик, бюрократик тўсиқ ва ғовларга барҳам бериш, уни соддалаштириш ва жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг манфаатларини таъминлаш мақсад қилинган.

Унга кўра, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институти жорий этилади.

Медиация бу – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули бўлиб, ушбу усул амалга оширилаётган пайтда ижро иши 15 кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилади.

Бунда томонлар ўртасида ижро предметига доир келишув расмийлаштирилган ҳолларда ижро иши юритиши тугатилади.

Шунингдек, 2019 йил 1 июндан бошлаб:

- ижро иши юритишни қўзғатиш ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида ижро иши қўзғатилади (ҳозирда 3 кун ичида қўзғатилади);

- ижро ҳаракатлари кўпи билан икки марта кечиктирилиши (неча марта кечиктирилиши мумкинлиги қонунчиликда кўрсатилмаган) мумкин.

 

2019 йил 1 октябрдан “mib.uz” веб-сайтида бепул асосда ижро ҳаракатлари интерактив давлат хизмати тизими жорий этилади. Эндиликда интернет тармоғи орқали ундирувчи ва қарздор томонидан ижро ҳаракатлари боришини барча босқичларини кузатиш, жумладан, қарзни онлайн тарзда тўлаш ва ижро ҳужжати бажарилганлигини қайд этиш мумкин.

Учрашувда иштирок этган тадбиркорлар саволига биноан жорий йил 1 октябрдан бошлаб, Мажбурий ижро бюро органлари ҳам ягона электрон маълумотлар базасини юритиб, ўзларига келиб тушган ижро ҳужжатлари бўйича бюро маълумотларини электрон тарзда юритишни тартиби йўлга қўйилиши ҳақида тушунтиришлар берилди.

Қолаверса, бу каби учрашувлар пойтахтимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилмоқда.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг​​

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *