Тошкентда халқаро симпозиум бошланди

ноя 10 / 2016

alt

Бугун Тошкентда "Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар" мавзуида халқаро симпозиум бошланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур халқаро форум Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон, Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Миср, Япония, Франция, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Бельгия, Австралия каби қарийб 30 давлатдан 300 дан ортиқ етакчи физик олим, мамлакатимиздаги вазирлик, идора ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, талабалар иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Солиҳов, Германиядаги Бавария илм-фан академияси президенти Карл Ҳоффманн ва бошқалар Шарқ ва Ғарб цивилизациясини боғлаган Буюк ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат чорраҳаси бўлганини таъкидлади. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 28 июлдаги фармойишига мувофиқ ушбу халқаро анжуманга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди.

Симпозиумда физика, астрономия ва астрофизика, энергетиканинг, қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш самарадорлигини оширишнинг илмий асослари, маҳаллий хомашё манбалари асосида янги материаллар олиш, замонавий нанофизика ва нанотехнологияни ривожлантиришнинг энг муҳим масалалари тўрт шўъбада муҳокама қилинмоқда.

alt

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *