Тошкент вилоятида паспортлаштириш тадбирлари давом этмоқда

апр 25 / 2019

alt

Тошкент вилоятидаги пастпортлаштириш тадбирларининг илк манзили Зангиота тумани ҳудудидаги “Бек барака” савдо мажмуаси бўлди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ДСБ ахборот хизмати хабар қилди.

– Мана шу савдо мажмуасида 5 йилдан буён кийим-кечак маҳсулотларини сотиш билан шуғулланиб келаман, – дейди Якка тартибдаги тадбиркор Ихтиёр Камолов. – Солиқ хизмати ходимлари менга ўтказилаётган бу тадбирлар фаолиятимизни янада ривожлантиришга қаратилганлигини, тушунмовчиликлар ва камчиликларга ҳамкорликда ечим топиш кераклигини тушунтиришди, касса ва терминал аппаратларнинг созлигини, харидорларга нақд пул ва пластик карталар орқали бирдай хизмат кўрсатишимиз лозимлигини айтишди. Тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган мен каби шахслар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб бердилар, керакли маслаҳат ва тавсияларини олдик.

Бу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад битта, у ҳам бўлса, тадбиркорлик субъектларининг солиқ қонунчилигига тўғри риоя этишларига амалий ёрдам бериш, тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганишга қаратилган.

alt

– “Чиноз деҳқон бозори” МЧЖда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган эдим. Солиқ хизмати ходимларини кўриб,ноқулай вазиятга тушиб қолдим, жаримага тортилишимдан қўрқдим. Лекин соҳа вакиллари менга огоҳлантириш бериб, тадбиркорлик фаолиятимни қонуний йўлга қўйишимда катта ёрдам бердилар, улардан миннатдорман-дейди, якка тартибдаги тадбиркор Мавлуда Шарипова

– Мен Каримов Раҳимжон. Бекобод тумани Зафар шаҳарчасида яшайман.  Якка тартибдаги тадбиркорман. Бугун солиқ хизмати ходимлари мени банкдан ҳисоб рақами очмаганлигимни аниқлашди. Солиқ мажбуриятлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориб, Бекобод туман АТБ Қишлоқ қурилиш банкидан ҳисоб рақам очишда ёрдам беришди.

Таъкидлаш керакки, Тошкент вилоятида солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ўтказилаётган паспортлаштириш тадбирларига 193 нафар ходимлар жалб қилиниб, бу орқали корхоналарнинг белгиланган манзилда жойлашгани,  фаолият турлари ўрганилмоқда.

Шу билан бирга, корхоналардаги ходимлар сони кўрсатилган ҳисобот билан таққосланиб, ҳужжатсиз фаолият юритиб келаётган ходимлар расмийлаштирилмоқда.

 Шу кунгача Тошкент вилоятида 10 мингдан зиёд хўжалик юритувчи субъектларда паспортлаштириш тадбирлари ўтказилди. Натижада вилоят бўйича қарийб 14 800 та ҳолатда камчиликлар аниқланди. Бу камчиликларни бартараф этиш чоралари назорат остига олинди.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *