Тошкент шаҳри бренди тасдиқланди

фев 28 / 2019

alt

Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгаши Қарор орқали пойтахт бренди (логотипи)ни тасдиқлади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳар маъмурияти Жамоатчилик кенгаши томонидан ўтказилган танлов натижасига кўра, шаҳарнинг очиқ турган олтин дарвозалари ва мовий осмони билан биргаликда “Т” ҳарфини ифодалаган рамз энг мақбул деб топилди.

Янги логотипдан ЎЗбекистон ва хорижда ўтказиладиган туристик кўргазма ҳамда савдо ярмаркаларида, туристик объектларда, харита, босма ва электрон нашрларда; сайёҳлар учун мўлжалланган эсдалик совғалари, либос бошқа маҳсулотларда, шунингдек Тошкент шаҳри туризмига бағишланган реклама, видеоролик, кўрсатувларда фойдаланиш мумкин.

alt

Пойтахт брендини ишлаб чиқиш бўйича танлов ўтган йили кузда эълон қилинган бўлиб, унга тайёргарлик ишлари июлда бошланган. Танлов ҳайъати аъзолари таркибида Жамоатчилик кенгаши вакиллари, маркетинг, брендинг, дизайн соҳасида Ўзбекистон, Россия, Европа ҳамда Осиё мамлакатларида етук тажрибага эга бўлган мутахассислар фаолият олиб боришди.

Лойиҳа мақсадига биноан, пойтахтга инвестицияларни жалб этишни ошириш, Марказий Осиёдаги ҳудудлар ўртасида ҳаёт кечириш, инвестиция ва туризм учун энг қулай бўлган минтақа сифатидаги Тошкентнинг ижобий қиёфаси белгилаб олинди. Бир неча ой мобайнида ишлаб чиқилган бренд “Тошкент - умумий уйимиз” ғоясига асосланган.

alt

Логотип бош ғояси тамойилларида очиқ дарвозалар тасвири орқали шаҳарнинг меҳмондўстлиги ҳамда бағрикенглиги, шунингдек мовий осмон тасвири рамзи воситасида эса фаравон ва осойишта ҳаёт моҳияти сингдирилган. Белгининг асосий жиҳати шундаки, уни турли ҳолатга мослаштириб қўйиш, мавзу жиҳатдан безак, тасвир ва шаклга мослаштириш мумкин. Бу эса, уни шаҳарнинг турли жойи ҳамда тадбирлари – жамоат жойлари, музейлар, хизмат кўрсатиш муассасалари, транспорт, кўргазма, маданият тадбирларида ўрнатиш имкониятини беради.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *