"Тошкент - Рига" йўналишида мунтазам темир йўл контейнер қатнови йўлга қўйилади

фев 14 / 2019

alt

Латвия Ўзбекистонга “Тошкент - Рига” йўналишида мунтазам темир йўл контейнер қатновини йўлга қўйишни таклиф этди. Бу ҳақда ушбу мамлакатнинг юртимиздаги элчиси Михаилс Попковс айтиб ўтди, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.

“Латвия бизнинг портлар орқали Европага ва бутун дунё бўйлаб Ўзбекистон экспорти учун логистика ва етказиб беришнинг кенг имкониятларини таклиф этяпти. Яқинда биз ўзбекистонлик шерикларимизга Алоқа вазирлиги ва “Латвия темир йўли” давлат компаниясининг “Тошкент - Рига” йўналишида мунтазам темир йўл контейнер қатновини йўлга қўйиш бўйича аниқ таклифларини етказдик. Кейин Рига эркин портидаги контейнер терминали орқали юклар қайта ишланади”, - деди элчи.

Унинг сўзларига кўра, Латвиядаги йирик транспорт ва логистика ташкилотлари, жумладан, портлар ва темир йўл компанияси раҳбарлари турли форумларда иштирок этиш учун Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига мунтазам ташриф буюрмоқда. Зеро, уларда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилиняпти.

Маълумот учун, Ўзбекистон Латвиянинг Марказий Осиё минтақасидаги етакчи ташқи савдо ва иқтисодий ҳамкори саналади. Ўз навбатида Латвия Ўзбекистон билан товар айланмаси ҳажми бўйича Европа Иттифоқи мамлакатлари ичида Германия ва Италиядан сўнг учинчи ўринда туради.

Латвия Ўзбекистонга кимё саноати, асосан, дори воситалари, турли электр қурилмалари ва механизмларини етказиб берса, Ўзбекистон Латвияга сархил мева ва сабзавотлар ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *