ТИВ Хитойдаги ва ушбу мамлакатга боришни режалаштираётган фуқароларни огоҳлантирмоқда

янв 25 / 2020

alt

Ўзбекистоннинг Хитойдаги Элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси тақдим этган маълумотга кўра 2020 йил 25 январь ҳолатига кўра коронавирусли пневмониядан вафот этганлар сони 41 нафарга, касалланганлар эса 1287 нафарга етди, яна 1965 киши касалланган деган гумон билан шифокорлар назоратида. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

Ушбу вируснинг янада тарқалишини олдини олиш мақсадида Хубей провинсиясининг Ухан шаҳри ва бошқа 12 та шаҳарлари карантин учун ёпилди. Маҳаллий ҳокимият гавжум жойларда вирус юқиши хавфининг юқорилигини инобатга олиб   санитария тадбирлари давомида ташқарига чиқмасликни маслаҳат бермоқда.

Карантин эълон қилиниши муносабати билан тегишли ҳокимият органлари Хитойда аккредитация қилинган хорижий мамлакатларнинг барча дипломатик ваколатхоналарига чет эл фуқароларини карантин эълон қилинган шаҳарлардан эвакуация қилиш бўйича рад жавобини бермоқда. Карантин киритилганидан сўнг бошқа давлатнинг элчихоналари ўз фуқароларини эвакуация қилгани тўғрисидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатик ваколатхоналари вазиятни назоратга олган ҳамда барча масалаларни, жумладан зарурат туғилганда Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш масаларини ҳал қилиш учун тегишли ҳокимият органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Элчихона ва Бош консулхона вакиллари Ўзбекистон фуқаролари билан доимий мулоқот ўрнатган, жумладан “WеChat” ижтимоий тармоғида “Ухан 2020 Ўзбекистон” ва “Узбекс ин Wуҳан” гуруҳлари ишлаб турибди.

Айни пайтда мазкур вазиятни монотиринг қилиш ва вируснинг Ўзбекистон ҳудудида тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осийишталик агентлиги қошида штаб ташкил этилди. Хавфли ҳудудлардан келадиган барча фуқаролар кузатувга олинади.

Юқоридагиларни инобатга олиб ТИВ Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги Элчихонасига (тел.: +86 135-1102-4242, Бобур Яхяев, +86 139 1175-4476, Шухрат Умиров) ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.:+86 131-2255-5772, Азиз Улуғбеков) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади, дейилади ТИВ хабарида.


 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *