«Террорчиларнинг нияти Шайхга суиқасд уюштириб, буни раҳбариятга тўнкаш эди» — Зокиржон Алматов кўпчиликка номаълум баъзи воқеаларни ошкор қилди

мая 08 / 2019

Картинки по запросу Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хорижга чиқиб кетишига раҳбарият билан келишмовчиликлар, унга нисбатан тазйиқлар сабаб бўлгани ҳақидаги хабарларга собиқ Ички ишлар вазири, генерал-полковник Зокиржон Алматов  «Ўзбекистон овози» газетаси уюштирган суҳбатда ойдинлик киритди.

— 1991-1993 йилларда мамлакатда оғир вазият юзага келган эди. Тошкент шаҳрида, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган ғаламислар халқимизни, айниқса, ёшларимизни ҳукуматга қарши қўйишга интилиб, турли тартибсизликларни ташкил қилишга уриндилар. «Адолатчилар», «Ислом лашкарлари» деган тўдаларни тузишга ҳаракатлар бўлди. Чаласавод, жоҳил кимсалар тўпланиб олиб, жиноятчиликка қарши курашяпмиз, деган ниқоб билан одамларни ўзлари «суд» қилиб, жисмоний жазо қўллаш ҳолатларини содир этишди. Ана шу қийин вазиятларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳудудларга шахсан ўзлари бориб, аҳоли билан гаплашиб, вазиятни ўнглаш, мамлакатда тинчлик-осойишталикни ўрнатиш масаласида жуда катта ишларни амалга оширганлар. Шу инсоннинг бевосита ҳаракатлари билан кўп ғалаёнларнинг олди олинди. 

Ўша даврда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан Биринчи Президент Ислом Каримов ўртасида зиддиятлар бор, шайхга нисбатан тазйиқ ўтказилаяпти, деган иғво ва бўҳтонлар тарқалган эди. Шу йилларда Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган инсон сифатида бир нарсани айтмоқчиман. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган.

Кўпчиликка номаълум бир воқеани айтай, 1992 йилнинг охирларида айрим давлатларнинг махсус хизматларидан бизга кетма-кет тезкор хабарлар келиб тушди. Маълум қилинишича, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Фарғона водийсининг қайсидир туман ёки шаҳрига борган вақтларида, у кишига нисбатан террорчи гуруҳлар томонидан суиқасд уюштирилиши режалаштирилаётган экан.

Ўша пайтда Биринчи Президент топшириғига биноан ана шу террористик ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида тезкор қидирув ишлари амалга оширилди ва табиийки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари давлат ҳимоясига олинди. Аммо ғаламислар ўз ўйинларини давом эттирди. Уларнинг нияти Шайхга суиқасд уюштириб, бу жиноятни Республика раҳбариятига тўнкаш эди. Шу тариқа жамоатчиликни амалдаги раҳбариятга қарши қўйиш, ғавғо чиқариш, уруш оловини ёқиш эди.

Террорчиларнинг айёрлигини, пасткашлигини қаранг, улар Шайхга суиқасд уюштиришдан олдин мамлакат раҳбари билан шайх ўртасида низо чиққан, деган гап тарқатишди. Шундан сўнг шайхни ўлдирмоқчи бўлишди. Агар уларнинг қора нияти амалга ошса, «ана, биз огоҳлантиргандик, бу жиноятни ҳукумат қилди», деб дунёга жар солмоқчи бўлишган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Мен туфайли мамлакатда нотинчлик бўлмасин», деган ниятда мусулмон мамлакатларидан бирида вақтинча яшаб туришга қарор қилдилар, ўзларининг бу фикрларини шахсан менга бир неча маротаба айтганлар...

Шайх ҳазратларининг суюкли укалари Муҳаммадамин ака 1999 йилда менга акалари Ватанга қайтмоқчи эканликларини айтдилар. Мен Шайх ҳазратларининг ниятларини Ислом Абдуғаниевичга етказдим. У киши бу хабарни мамнуният билан қабул қилдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари тез орада Ўзбекистонга қайтдилар ва умрларининг охригача илм-маърифат билан шуғулландилар.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *