Техникумларни тугатганлар ОТМга имтиҳонларсиз киради

сен 07 / 2019

alt

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда  бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари ташкил этилади. Бу бўйича “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, жами 388 та касб-ҳунар коллежлари бинолари тегишли рўйхатга асосан мактаб сифатида фойдаланилиши белгиланди.

Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимида тегишли таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади.

Бунда:

а) касб-ҳунар мактабларида:

мактабларнинг 9-синф битирувчиларига 2 йиллик кундузги таълим берилади;

таълим олаётган ўқувчилар Давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланади.

б) коллежларда:

камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахсларга касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида таълим берилади.

в) техникумларда:

умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахсларга касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида таълим берилади;

техникумларни тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.