"Танк биатлони"да умумжамоа ҳисоби бўйича ҳамон биринчимиз

авг 07 / 2019

alt

Бешинчи халқаро армия ўйинларининг диққат марказида турган “Танк биатлони” мусобақаси борган сари қизғин тус олмоқда. Кеча, 6 август куни иккинчи экипаж аъзолари ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Мазкур босқичда ҳам Т-72 Б-3 танкини бошқариш, тўсиқлардан ўтиш, белгиланган нишонларни яксон қилиш ва имкон қадар қисқа муддатда финиш чизиғига етиб келиш вазифаси юклатилди. 

Баҳсда  вакилларимиз олдинги жамоамизга нисбатан анча яхши натижа кўрсатди. Сарфланган вақт ва йўналиш бўйлаб ҳаракатланиш, тўсиқларни запт этиш борасидаги натижаларимиз таҳсинга лойиқ. Умумий ҳисобда экипаж механик ҳайдовчисикичик сержант Авазбек Мустафоқулов Т-72 Б-3 танкини 73 км/соат тезлик билан ҳар бир тўсиқдан беталофат олиб ўтиб, томошабинлар эътиборига сазовар бўлди. Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти бу ҳақда хабар қилади.

Шундай қилиб катта лейтенант Муҳиддин Нуриддинов бошчилигидаги экипаж аввалги экипажга нисбатан 1.30 дақиқа фарқ билан финиш чизиғига етиб келди.  Ушбу беллашувда ҳам юртдошларимиз умумжамоа ҳисобида ҳамон биринчиликни қўлдан бой бергани йўқ.

–Мусобақада тезлик жамоа ғалабаси учун энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади ва бу тезликни назорат қилиш, тўсиқларга яқинлашган пайт ундан тўғри мақсадда фойдалана олиш ўта масъулиятли иш, – дейди экипаж механик ҳайдовчисикичик сержант Авазбек Мустафоқулов. – “Танк биатлони” жамоавий мусобақа бўлгани боис унда жипслик, бирдамлик ва аҳиллик муҳим аҳамиятга эга. Мен ишонаман; мана шу нарсаларнинг барчаси бизнинг жамоамизда бор.

Эслатиб ўтамиз, “Танк биатлони” мусобақасининг иккинчи гуруҳида жами 11 та жамоа иштирок этмоқда. Вакилларимиз иштирокидаги кейинги баҳслар 8 август куни бўлиб ўтади.

Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *