Сурхондарёда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия марказининг филиали ташкил этилади

мар 14 / 2017

alt

Сурхондарё вилояти кўз касалликлари шифохонаси негизида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия марказининг филиали ташкил этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилади.

2017 йил охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган марказни ташкил этишдан мақсад аҳолида кўз касалликлари билан касалланишнинг олдини олиш, кенг тарқалган – катаракта, глаукома, томир тизими касалликлари, диабетик ретинопатия каби ҳасталикларни ортиқча маблағ ҳаражат қилмай, эрта аниқлаш ва сифатли даволаш имкони яратишдан иборат. 

Ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятида фаолият кўрсатаётган кўз касалликлари шифохонасида  замонавий технология ва менежмент тизими йўлга қўйилмаганлиги туфайли, вилоят аҳолиси малакали офтальмологик тиббий ёрдам олиш учун пойтахтимиздаги республика даволаш муассасаларига мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда, дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия  маркази директори Зафар Сидиқов.

2015-2016 йилларда вилоятдан 9176 нафар бемор Тошкентдаги республика даволаш  муассасаларига мурожаат қилиб, улардан 1757 нафарида жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, бир бемор ҳамроҳи билан пойтахтга келиб, даволаниши ва маълум муддат яшаши  учун, тахминан, 1,6 – 2,0 миллион сўм керак бўлади. Хусусан ,офтальмологияда энг кўп қилинадиган жарроҳлик амалиёти — катаракта факоэмулсификация учун 800 минг сўмгача маблағ сарф қилинади. Бу эса агар бир йилда, 1000 та факоэмулсификация бажарилиши тахмин қилинадиган бўлса, 1,1-1,5 миллиард сўм маблағ харажат қилинади, деганидир. Демак, энди шунча маблағни иқтисод қилиш имкони туғилади.

Марказни Европа давлатларида ишлаб чиқарилган юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, малакали кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.  

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *