Сурхондарёда чақалоғини ҳожатхонага ташлаб кетган аёлга жиноят иши қўзғатилди

июл 08 / 2019
 
Аввалроқ Сурхондарё вилояти Денов туманида аёл янги туғилган чақалоғини бозордаги ҳожатхонага ташлаб кетгани хабар қилинганди. Тармоқда тарқалган видеода шифокорлар ва ИИБ ходимлари уни жонлантиришга уринаётгани тасвирланганди.
 
Бозордаги кузатув камераларига тушиб қолган аёл қидирувлар натижасида топилган. 
alt
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, 2 июль куни соат 15:00 ларда фуқаро Ф.Т. (1999 й.т.) Денов тумани, Лолазор маҳалласидаги “Хабибобод” бозори ҳудудида жойлашган аёллар ҳожатхонасида қиз бола чақалоқни туғиб, ҳожатхона ичига ташлаб кетган. Ундан кейин ҳожатхонага кирган аёл чақалоқ йиғисини эшитиб, одамларни ёрдамга чақирган. Натижада чақалоқ қутқариб қолиниб, касалхонага жойлаштирилган.
 
Мазкур ҳолат юзасидан Денов туман прокуратураси томонидан фуқаро Ф.Т.га нисбатан Жиноят Кодексининг 25, 99-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, чақалоқ 2-сонли вилоят перинатал марказига олиб келинган. Бола анча вақт назоратсиз қолиб кетгани учун оғир аҳволда бўлган, аммо шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Шифокорларнинг хулосасига кўра, болада касаллик аломатлари топилмаган. Айни пайтда бола тиббиёт ходимлари томонидан сунъий озиқлантирилмоқда. 
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *