Сурхондарё вилояти ҳокими Афғонистонга амалий ташриф билан борди

дек 13 / 2018

alt

Афғонистоннинг Балх вилояти волийси Муҳаммад Исҳоқ Раҳгузарнинг таклифига биноан Сурхондарё вилояти ҳокими Баҳодир Пўлатов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Балхда бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати UZ24’га маълум қилди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Ҳайратон шаҳрида тантанали кутиб олинган вилоят делегацияси дастлаб Республикамиздан транзит юклар етказиб бериладиган қуруқликдаги 2 ва 3-сонли портлар, “Ҳайратон” дарё порти, шу номдаги темир йўл бекати ва нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Амалий ташрифнинг асосий тадбирлари Ҳайратондаги “Астрас”меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Бу ерда икки қўшни вилоят раҳбарлари ва делегация аъзолари иштирокида чегараолди ҳудудлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан мулоқот ўтказилди.

Таъкидланганидек, Сурхондарёда афғонистонликлар учун ўзбек тилини ўргатиш, темир йўл ҳамда бошқа соҳалар мутахассисларини тайёрлаш мақсадида махсус таълим марказининг ташкил этилиши, ихтисослашган шифохонада Афғонистон фуқароларига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитларнинг яратилиши, Термизда Афғонистон консуллик идорасининг иш бошлаши икки давлат чегараолди минтақалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.

Ҳозирда вилоятимизда афғон сармояси асосида ташкил этилган 90 дан ортиқ қўшма корхона ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида муваффақиятли иш олиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида Афғонистонга Сурхондарёдан 33,5 млн. долларлик 37,7 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.

“Termiz kargo” экспорт маркази Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда ўзига хос дўстлик кўприги вазифасини ўтамоқда. Янги барпо этилаётган “Термиз иқтисодий зонаси” келгусида Афғонистон билан савдо алоқаларимизни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Мулоқот чоғида вилоятлар ўртасида савдо-иқтисодиёт, транспорт, транзит, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *