Сариосиёда ўқитувчи ва ходимларнинг икки ойлигидан 1,2 млрд сўмни ўзлаштирган банк ходимлари ушланди

мар 12 / 2020
alt
“Қишлоқ қурилиш банк” Сариосиё филиали ходимлари икки ой давомида ўқитувчи ва ходимларнинг жами 1,2 млрд сўм пулини ўзлаштириб юборгани фош бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати uz24.uz нашрига маълум қилди.
 
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг Сариосиё туман бўлими томонидан олинган тезкор маълумотлар ва тўпланган ҳужжатларга асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Сариосиё филиали чакана хизматлар бўлими бошлиғи Ш.Ш. ва бошқалар ноқонуний даромад орттириш мақсадида туман халқ таълими тизимидаги мактаб ўқитувчилари ва ходимларига тўланиши керак бўлган 2019 йил декабрь ва жорий йилнинг январь ойи учун иш ҳақлари ва аванс пуллари ҳисобидан жами 1,2 млрд сўм пул маблағларини банк кассасидан олишиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.
 
Шунингдек, ушбу текширув давомида Ш.Ш. ва бошқалар томонидан ўзлаштирилган 1,2 млрд сўм бюджет пул маблағлари Департамент ташаббуси билан ундирилган.
 
Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Ш. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *