Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 3 ойлик чақалоқнинг ўлимига эмлаш сабаб бўлмаган

июл 17 / 2019

alt

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2019 йил 5 апрелда туғилган М.Н.нинг ўлимида эмлаш сабаб бўлмаганини маълум қилади.

М.Н. 12 июль куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 40-оилавий поликлиникада полиомелит, ротавирус вапневмококкга қарши эмланади. Эмлаш ишлари поликлиника эмлаш хамшираси М. Раҳматова томонидан амалга оширилган. Шундан  сўнг икки кун давомида боланинг тана ҳарорати 38 даражага кўтарилган. 15 июль тонгги соат 3:00-5:00 давазият ёмонлашгач, тез ёрдам чақирилган.Тез тиббий ёрдам бригадаси келганда чақалоқ вафот этган бўлган.

Вазирлик ахбортида қайд этилишича, болада эмлашдан кейин тана ҳарорати 38 даражада бўлиши табиий ҳолат. Ушбу ҳарорат жуда кам ҳолларда боланинг марказий асаб тизимига таъсир қилиши мумкин. Бундан ташқари, уйда 2-3 кун давомида нима содир бўлганлиги, чақалоқ қандай шароитда парвариш қилинганлиги,  унда қандай қўшимча салбий таъсирлар кузатилганлиги ҳам ҳали маълум эмас.

– Аниқланишича, 12 июль куни пойтахтимиздаги 40-оилавий поликлиника эмлаш хонасида 51 нафар болада эмлаш амалга оширилган бўлиб, уларнинг биронтасида ҳам  эмлашдан сўнг реакциялар қайд этилмаган, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитар эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи Дилмурод Мирзабоев. – Мамлакатимизда миллий эмлаш календари асосида ҳар ойда 2 ярим миллион нафар бола вакциналар билан эмланади ва уларнинг эмлашдан кейинги ҳолати тизимли  равишда ўрганиб борилади. Энг муҳими, шу пайтгача ушбу вакциналар билан боғлиқ салбий ҳолатлар бирор марта бўлса-да, рўйхатга олинмаган. Жумладан, полиомиелит ва пневмококка қарши вакциналарга умуман тиббий чеклов йўқ, улар ўлим билан боғлиқ асоратларни умуман келтириб чиқармайди. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг нуфузли экспертлари томонидан ўтказилган илмий тадқиқотларда ҳам исботланган.

Бундан ташқари, эмлаш ишларини амалга оширишда фойдаланиладиган, жаҳон тиббиёти амалиётида кенг қўлланилаётган самарали ва энг сифатли  эмлаш воситалари БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) ва бошқа халқаро ташкилотлар сертификати асосида мамлакатимизга олиб келиниб, тегишли тартибда қайта тиббий-лаборатор синовлардан ўтказилади. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сертификат билан кафолатланади ва совуқлик занжири тизимига риоя этилган ҳолда жойлардаги эмлаш пунктларига етказилади. Эмлаш муолажалари шаҳар ва туманларда аҳолига бириктирилган оилавий поликлиника, чекка жойларда эса қишлоқ оилавий поликлиникалари ва врачлик пунктларида  малакали шифокор кўригидан ўтилгач, махсус ўқитилиб, тегишли рухсатнома олган ҳамширалар томонидан бепул амалга оширилади.

Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, М.Н.нинг ўлимига эмлаш сабаб бўлмаган. Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг миллий профилактик эмлаш календари ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи асосида ҳар бир эмланган бола 3 кун давомида патронаж ҳамшираси томонидан хабар олиниши зарур. Ҳамширалар болани эмланганидан сўнг маълум вақт назоратга олмаганлиги ҳолати ўрганилиб, ўз ишига лоқайдлик билан қараган тиббиёт ходимларига нисбатан қатъий чоралар кўрилади. Айни пайтда М.Н.нинг ўлим сабабини аниқлаштириш мақсадида суд-тиббий экспертизаси ўтказилмоқда.

Аниқланган ҳолат юзасидан қўшимча ахборот берилади.

Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *