Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижонда шифокорга суиқасд уюштирилиши ҳолатига муносабат билдирди

авг 22 / 2019

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 21 август куни Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида шифокорларга беморнинг қариндоши томонидан суиқасд уюштирилиши, шифокорлар хонасига бензин сепиб, хонага ўт қўйиб юборишга уринганлик ҳолатига муносабат билдирди.
 
"Маълумки, вазирлик жамиятимизда фуқароларнинг шифокорларга тажовуз қилиш каби нохуш ҳолатларнинг олдини олишнинг энг самарали йўлларидан бири сифатида тиббиёт ходимига нисбатан содир этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун қатъий жавобгарликни кучайтириш лозимлигини мунтазам таъкидлаб келади.
 
Бундан бир муддат олдин  Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасида тиббиёт ходимига бемор ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши ёки уларга тан жароҳати етказилишидан иборат қилмишларни Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 277-моддаси билан квалификация қилиш ҳамда ушбу ҳаракатларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш таклиф этилган эди. Куни кеча Андижонда содир этилган воқеа ҳам ушбу лойиҳа қабул қилиниши ниҳоятда долзарблигини яна бир бор кўрсатди
 
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазири шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида Бош прокуратурага ҳам мурожаат билан чиққан. Унга кўра, ўз хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига бемор ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши ёки уларга тан жароҳати етказилишидан иборат қилмишлар учун жиноий жавобгарликни кучайтириш ташаббуси илгари сурилган.
 
Тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолатларининг содир этилишини  асосий сабабларидан бири жамият ва халққа туну кун хизмат қилаётган шифокорларга  нисбатан тажовуз қилганлик учун кўзда тутилган жиноий жазоларнинг бирмунча либераллигидир. Оқибатда эса ҳеч бир айби бўлмаган тиббиёт ходимининг соғлиғига тиклаб бўлмайдиган даражада  зарар етказган шахслар ҳам айрим ҳолларда амалда ҳеч қандай жазо ўтамасдан қолиб кетаётганини қайд этиб ўтмасдан иложимиз йўқ", дейилади вазирлик ахборотида.
 
Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий Мажлисга шифокорлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлаш мақсадида амалдаги қонунчиликни янада кучайтириш, шунингдек, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги каби қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан фуқароларнинг шифокорларга таҳдид ва тажовуз қилиш каби ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасида жиддий ва кескин чоралар кўриб боришларини, бу борада профилактика ишларини яна кучайтиришларини қатъий сўраб қолади.
 

Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *