«Сиз халқимизнинг ғурурли санъаткорисиз» — Гулнора Каримованинг қизи Юлдуз Усмоновага «раҳмат» айтди

июн 28 / 2019
 
 
Куни кеча Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ижтимоий тармоқларда Гулнора Каримовани қўллаб-қувватлаётган хонандаларни танқид қилиб видеомурожаат билан чиққанди. Бироз аввал Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова Instagram’даги саҳифаси орқали Юлдуз Усмоновага жавоб қайтарди.
«Ҳурматли Юлдуз опа!
 
Сиз Туркияда қувғинда юрган пайтларингизда ва сиз севган «Халқлар дўстлиги» саройида концерт бера олмаган кунларингизда онам сизни қўллаб-қувватлаганидан, жонингизга оро кирганлигини эслаганингиз учун мен ва акам номидан раҳмат айтаман. Яъни, шу давр ҳукумат идоралари томонидан сизга нисбатан кескин тақиқлар бўлишига қарамай, «Асрлар садоси» саҳнасида қизингиз Нилуфар билан чиққанингизни ҳам эслаймиз. Ва сиз ўша ерда тақиқларга қарамай, онамнинг ёрдами билан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти, яъни бобомизга атаб жон дилдан, яхши кўриб, «Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон» қўшиғини ижро этгандингиз.
 
Ўтган йили «Халқлар дўстлиги» саройида берган концертингизда онамнинг «Гули» коллекциясидан либос сўраб, олиб турган эдингиз ва шу либосда саҳнага чиққанингиздан ҳам фахрланамиз.
 
Шунингдек, биз сизга шахсан онам учун ёзиб куйлаган таниқли «Гулисан» қўшиғи учун ҳам раҳмат деймиз.
 
Сиз жуда ёқтирган, ўша биз билан бирга ўтиришларнинг бирида «Биз санъаткорлар — ҳаммамиз — ***миз», деб айтгандингиз ва шундан сўнг бу борада Рашид Холиқов билан ҳамманинг олдида кўп маротаба тортишган эдингиз.
 
Лекин биз ҳозир очиқчасига, шаффофларча тан олиб айтамизки, сиз халқимизнинг ғурурли санъаткорисиз ва сиздан бошқалар ўрнак олади. Сизга Аллоҳ барча қилган яхшиликларингизга яраша ажрини берсин», – деб ёзади Имон Каримова.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *