Ш.Ғаниев таҳдидий ва қўпол сўзларни ишлатганлиги аниқланди

дек 30 / 2019

alt

Жорий йилнинг 10 декабрь куни Интернет нашрларида Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Ш.Ғаниевга тегишли ҳамда таҳдид мазмунидаги тарқалган аудиоёзувдаги ҳолатлар бўйича Бош прокуратура томонидан терговга қадар текширув ўтказилди, деб хабар қилади бош прокуратура матбуот хизмати.

Аниқланишича, ижтимоий тармоқларда Қува тумани Автошоҳбекати ёнидаги автомобиль йўлида тўпланиб турган тахминан 20-30 нафар фуқаролар томонидан электр ва газ таъминотида узилишлардан норозилик билдирилаётганлиги акс этган видеолавҳа тарқалган.

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган селектор йиғилишида Ш.Ғаниев Қува туманидаги ҳолат бўйича туман ҳокимига юзланган ҳолда муомала маданиятидан четга чиқиб, таҳдидий ва қўпол сўзлар ишлатган. Ушбу ҳолат номаълум шахс томонидан ёзиб олиниб, тарқатилган.

Терговга қадар текширувда жорий йилнинг 2 декабрь куни бўлиб ўтган селектор йиғилишида Ш.Ғаниев таҳдидий ва қўпол сўзларни ишлатганлиги аниқланди.

Ш.Ғаниевнинг сўзларида инсон ҳаётига ва соғлиғига тажовуз қиладиган реал таҳдид, яъни уларни амалга оширилишидан хавфсираш учун асослар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Бироқ, Ш.Ғаниев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи мансабдор шахси бўла туриб, Давлат бошқаруви  органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари талабларини бузганлигини инобатга олиб, унинг интизомий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига хат юборилди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *