Самарқанддаги «SINO» заводи раҳбари қамоққа олинди

янв 07 / 2019

alt

Миллионлаб доллар сармоя киритилган ва хорижий брендлар билан ҳамкорлик ўрнатган Самарқанддаги «SINO» акциядорлик жамияти жорий йилнинг ёзида банкрот деб топилган эди. «Ўзэлтехсаноат» уюшмасида ўтказилган брифингда уюшма раиси Алишер Абдуллаев қарорда бу борада алоҳида банд киритилганини изоҳлади, деб хабар бермоқда «ЎзА»

Президентнинг 2019 йил 4 январь куни имзоланган «Электротехника саноатининг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ва ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида «SINO»ни «ноль» харид қиймати бўйича корхонанинг кредиторлар олдидаги қарзини тўлаш билан бир вақтда корхонанинг фаолиятини соғломлаштириш учун инвестициялар киритиш шарти билан топшириш тўғрисидаги таклифга розилик берилган.

– Мазкур корхонанинг икки миллиард қарзи бор эди, – дейди уюшма раиси. – Очиғи, унинг олдинги раҳбари қамоққа олинган. Ўтган йилнинг октябрь ойида жиноят иши қўзғатилган. Албатта, бундай ҳолат бизнинг номимизга ҳам яхши эмас. Шундай бўлса-да, биз корхонани соғломлаштириш таклифини илгари сурдик. Ахир, тайёр корхона тарқалиб кетиши эмас, ривожланиши керак. У давлатдан, банклардан олинган пулларни қайтариши керак. Ваҳоланки, бу пуллар етимларни, армияни ва кам таъминланган оилаларнинг пули ва у албатта давлатга қайтиши керак. Шунингдек, қанчадан-қанча иш ўрни яратилиб, оилалар манфаати таъминланаётган эди. 

Айни вақтда Корея, Хитой каби давлатларда камида тўртта компания уни олиб, ишлатишни хоҳламоқда. Биз улар ўртасида танлов ўтказиш ниятидамиз. Бунинг учун Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси билан биргаликда инвесторларга қўйиладиган шартлар ва ривожлантириш дастури ишлаб чиқмоқда. Йўқса, корхона мол-мулки тижорат банки орқали сотилиб, бундай корхона йўқ бўлиб кетарди, деган Алишер Абдуллаев.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *