Самарқанддаги боғчада газ баллони портлагани ҳақидаги хабарлар ёлғон бўлиб чиқди (+видео)

июн 18 / 2019

Ижтимоий тармоқларда 13 июнь куни Самарқанд тумани Андижони маҳалласида жойлашган 30-сонли мактабгача таълим муассасаси ошхонасида маиший газ баллони портлагани ва ёнғин вужудга келгани, ёнғинни бартараф этиш учун камида тўртта ўт ўчириш машинаси жалб қилингани ҳақида хабар тарқалди.
 
Zarnews.uz мухбири ўтказган суриштирув чоғида маълум бўлишича, болалар боғчаси ошхонасида газ баллони ўрнатилмаган. Боғча 2009 йилдан буён газ тармоғидан ҳам узилган. Ошхонада электр токи билан ишлайдиган плита ўрнатилган. Боғча мудираси Феруза Қодированинг айтишича, ошхонада доғланаётган ёғдан олов чиққан, ҳеч қанақа газ баллони портламаган. Ёнғинни бартараф этиш учун  битта ўт ўчириш машинаси келган.
 
 
Боғча ҳамшираси Зарнигор Озодованинг сўзларига кўра, ҳолат билан танишиш мақсадида туман ҳокими келган. Шунингдек, воқеа жойига туман ҳокими ўринбосари ва бошқа раҳбарлар келиб ҳолатни ўрганганлигини, болалар ёнғин ҳолатини кўрмаганлигини айтган. 
 
18-МТМ болалар боғчаси психологи Гулруҳ Раҳматова 30-сонли мактабгача таълим муассасаси болаларининг руҳий ҳолатини ўрганиш учун юборилган. Психолог болаларнинг руҳий ҳолати қониқарли эканини, улар ҳаттоки ёнғинни кўрмаганини тасдиқлаган.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *