Самарқандда OLX.Uz'дан топилган мебель цехининг 9 млн сўмлик мебеллари харидорга сифатсиз тарзда етказилди

фев 01 / 2019

alt

Суҳробхон ошхонасини замонавий типда таъмирлатди. Интернетдан чиройли, қулай ва узоқ муддат хизмат қиладиган ошхона мебелларини қидирди ва ниҳоят, OLX.Uz сайтидан кўнглидагидек мебель ишлаб чиқарувчи тадбиркорни топди. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти матбуот хизмати UZ24' маълум қилди. 

Самарқанд шаҳрининг “Мотрид” қўрғонида жойлашган цех бошқарувчиси Самаджон билан учрашиб, унга ўз мақсадини айтди. Мебеллар тўплами унга 9 000 000 (9 миллион) сўмга тушадиган бўлди.  Бошқарувчи мижозга келишилган муддатда ошхона мебелларини тайёрлаб берадиган бўлди. Олдиндан жиҳоз нархининг деярли ярмини (4 миллион олти юз минг сўм) тўлашга тўғри келаркан, бунга ҳам рози бўлди.  

Янги йил кириб келиши арафасида буюртма тайёр бўлди ва мебеллар мижоз ошхонасига ўрнатилди. Шу билан иш бажарилди, муаммо йўқ дерди-гу, бироқ жиҳозларнинг келишилгандек тўлиқ миқдорда эмаслиги ва ўрнатиш жараёнида эҳтиётсизлик оқибатида жиҳозларга катта миқдорда зарар етказилганлиги (ошхона столининг қимматбаҳо гранит тахтаси синдириб қўйилган) барчанинг кўнглини хира қилди. Цех ходими камчиликларни бартараф этиб, етишмаётган мебеллар ўрнини тез кунда тўлдириб беришни ваъда қилди. Бироқ ваъда ваъдалигича қолиб кетиб, цех ходимлари мижозининг телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермай қўйишди.

Суҳробхон Саидхоний Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасининг шаҳар жамияти мутасаддиларига шикоят аризаси билан мурожаат қилди. Мурожат жамият мутасаддилари томонидан атрофлича ўрганилди. Тадбиркорга амалдаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни талаблари тушунтириб берилгач, муаммо тезда ўз ечимини топди. Мурожаат истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *