Самарқандда газ таъминоти ҳудудий филиали ходими фирибгарлик билан қўлга тушди

ноя 20 / 2019

alt

Самарқанд вилояти бўйича Газ таъминоти ҳудудий филиали ходими Ж.А. ўзига берилган ваколатдан ғараз мақсадларда фойдаланиб, ноқонуний даромад олишга ўтгани аниқланди, деб хабар қилади МИБ матбуот хизмати.

У шу йилнинг октябрь ойида Самарқанд туманининг “Қуйи туркман” маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.М.нинг хонадонига бориб,  хонадонида ташкил қилган нонвойхонада табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлигини аниқлаган.

Аммо тегишли тартибда расмийлаштириш ўрнига, уй эгасига ноқонуний уланганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган тақдирда давлат фойдасига 5 млн. сўм жарима тўлаб бериши кераклигини айтиб, уни қўрқитган. Шундан сўнг уй эгаси Ф.М.га “менга нақд 2 млн. сўм берсангиз, табиий газ тармоғига ноқонуний уланишни хаспўшлаб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб бераман, деб ваъда қилган ва фирибгарлик йўли билан олган 2 млн. сўмни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Фуқаро Ф.М. Мажбурий ижро бюроси Самарқанд туман бўлимига фирибгарга чора кўришни сўраб мурожаат қилгандан сўнг бундан хабар топган Газ таъминоти ҳудудий филиали ходими Ж.А. қилмиши учун жавобгарликдан қочиб, қутилиш мақсадида фуқаро Ф.М.нинг жияни Б.М.га мурожаат қилиб, амакисидан олган пулларини тўлиқ қайтариб беришни ваъда қилган ва унга нисбатан ёзилган аризани қайтариб олишни илтимос қилиб, Б.М.га 200 АҚШ доллари берган.

Фуқаро Б.М. фирибгар ходим Ж.А. берган ушбу пулларни МИБ Самарқанд туман бўлимига ашёвий далил тариқасида топшириб, бўлган воқеани баён этган.

Ушбу ҳолат бўйича 12 ноябрь куни Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали 2-сонли участкаси ходими Ж.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *