Самарқанд ҳокими йиғилишда таниш-билишчилик ёки бошқа воситалар эвазига қоидабузарликка кўз юмишга асло йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади

июл 13 / 2018

alt

 

Самарқанд шаҳар ҳокимлигида шаҳар ҳокими ўринбосарлари, сектор ҳамда корхона-ташкилот ва идора раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Зарафшон” нашри хабар берди.

Йиғилишни Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов олиб борди.

Йиғилиш аввалида шаҳардаги ободонлаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Хорижлик сайёҳлар ва шаҳар меҳмонлари учун Самарқандни гулларга буркаш, тоза-озода сақлаш ободонлаштириш билан шуғулланувчи ходимларнинг муҳим вазифасидир. Шаҳарда озодаликка эътибор янада кучайтирилиши, жумладан маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш, уларни 3 турга ажратиш учун қисқа муддатда шаҳарда 500 дан зиёд янги контейнерлар ўрнатиш лозим.

Шунингдек, Ф.Раҳимов “Обод маҳалла” дастури асосида шаҳарнинг Чўпонота ва Ширин маҳаллаларида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш, у ердаги мавжуд эски иморатларни бузиб, замонавий иншоотлар барпо этиш, аҳолини қийнаётган муаммоларга барҳам бериш, йўлларни таъмирлаш, гул кўчатлари ўтқазиш каби ишларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Мутасаддилардан шаҳарда олиб борилаётган кенг кўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, жумладан, Аэропорт йўли ва Бўстонсарой кўчаларида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ижросини сўради.

Шаҳарнинг тарихий қисмига ёндош ҳудудларда тўхтатиб қўйилган ноқонуний қурилиш ишлари ҳақида ҳам сўз борди. Шаҳар ҳокими мутасаддиларга шаҳарда амалга оширилаётган қурилиш ишларида мавжуд меъёр ва қоидаларга қатъий амал қилиш, таниш-билишчилик ёки бошқа воситалар эвазига қоидабузарликка кўз юмишга асло йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.

Мавзу доирасида: Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов ва шаҳар ҳокимининг ўринбосари ишдан кетгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кейинчалик бу хабар ўз тасдиғини топмади.

 

UZ24: ХАБАР ВА ЯНГИЛИКЛАРНИ TELEGRAM'ДА ҲАМ КУЗАТИБ БОРИНГ

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *