Россиядаги ўзбекистонларнинг 202 нафарига 1,2 млн рубль ёрдам пули берилди

мая 18 / 2020
alt
Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мамлакатнинг Москвадаги элчихонаси томонидан «Меҳр» лойиҳаси доирасида молиявий ёрдам тарқатилиши бошланди, Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати хабар берди.
 
Лойиҳа 14 май куни бошланган бўлиб, бу вақт давомида 202 нафар ўзбекистонликка 1,2 млн рублдан зиёдроқ маблағ тарқатилди. Пуллар мурожаат қилувчиларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилди.
 
Ёрдам олганлар орасида:
 
Россия ОТМларининг кундузги бўлимларида таҳсил олаётган 190 нафар талаба;
Коронавирус инфекцияси тасдиқланган 8 нафар ватандош;
Ногиронлиги бўлган 2 нафар фуқаро;
Қарамоғида 2 ёшгача бўлган фарзанди бўлган 1 нафар аёл фуқаро;
7 ойликдан ошган ҳомиладорлиги бўлган 1 нафар аёл бор.
Эслатиб ўтамиз, бу коронавирус пандемияси сабабли карантин чекловлари жорий этилиши ортидан мураккаб вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари учун бир марталик тўлов ҳисобланади.
 
Ёрдам олиш учун мехр.рф электрон портали орқали ариза юбориш лозим. Унинг олиш шартлари ҳақида аввалроқ хабар берган эдик.
 
Элчихонанинг қайд этишича, икки кун ичида дипломатик ваколатхона порталига Россиянинг қарийб барча ҳудудларидан 12 мингдан ортиқ ариза келиб тушган. Бироқ бир қисм аризалар ёрдам ажратиш шартларига тўлиқ жавоб бермайди. «Шу муносабат билан элчихона „Меҳр“ лойиҳаси талабларига жавоб бермайдиган фуқароларга бошқа механизмлар орқали ёрдам кўрсатиш бўйича чораларни кўрмоқда», — дейилади элчихона хабарида.
 
Молиявий ёрдам жамғармасини шакллантиришда ҳомийлар, шу жумладан тадбиркор ва меценат Алишер Усмонов иштирок этди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *