Россиядаги ЙТҲда 2 нафар ўзбекистонлик вафот этган ва 3 нафари шифохонага ётқизилган

янв 17 / 2020

alt

Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқлар орқали жорий йилнинг 16 январь куни Москва вақти билан соат 7:20да Россия Федерацияси Саратов области Татишев раёни ҳудудида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси бўйича турли маълумотлар тарқалган эди.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги, унинг ҳудудий консуллик хизмати ходимлари томонидан воқеага аниқлик киритиш мақсадида, ўзаро маълумотлар алмашинуви олиб борилди, деб хабар қилади ФВВ матбуот хизмати.

Унга кўра,  жорий йилнинг 16 январь куни маҳаллий вақт билан соат 8:20да Россия Федерацияси Саратов области Татишев раёни ҳудудидан ўтувчи федерал аҳамиятга эга бўлган Р-158 “Нижний Новгород-Арзамас-Саранск-Исса-Пенза-Саратов” автомобиль йўлининг 580 км.да Полчаниновка аҳоли яшаш пунктидан 30 км. шимолий-ғарбий йўналишда “Волга-ГАЗ-3110” автомобили ҳамда “HYUNDAI” минивен автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Бунинг оқибатида, жами 9 нафар фуқаролар тан жароҳати олган. Шулардан 4 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган. Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, вафот этган фуқароларнинг икки нафари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. Шунингдек, 5 нафар фуқаролар турли даражадаги тан жароҳатлари билан Саратов шаҳар вилоят клиник касалхонасига ётқизилган. Уларнинг 3 нафари ҳамюртларимиз бўлган.

Йўл транспорт ҳодисаси консуллик хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида ҳалок бўлган ва жабрланган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилди:

Вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:

Болтабаев Нодир, 1979 й.т. (Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида истиқомат қилган).

Собиров Сардорбек, 1997 й.т. (Фарғона вилояти Боғдод туманида истиқомат қилган).

Тан жароҳати олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:

Мухамедова Гулором, 1968 й.т. (Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида истиқомат қилади).

Ибатов Суннат, 1989 й.т. (Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида истиқомат қилади).

Баллиев Иса, 1998 й.т. (Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида истиқомат қилади”).

Мазкур ҳолат юзасидан хуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, вафот этган фуқароларнинг қариндошларига хабар бериш ва жасадларини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК авиатранспорти орқали Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тан жароҳати олган фуқароларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *