Регистонда тўй эмас, маданий кеча ўтказилгани маълум бўлди

сен 11 / 2019

alt

Кеча, 10 сентябрь куни Facebook’даги гуруҳларда Самарқанддаги Регистон майдонида жойлашган мадрасаларнинг бирида тўй ўтказилгани ҳақида видеохабарлар тарқалди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

“Дарё” нашрининг  суриштирувига кўра, ушбу тадбир тўй эмас, балки Бухоро яҳудийлари делегацияси учун уюштирилган тантанали маданий кеча бўлиб, Улуғбек мадрасасида бўлиб ўтган.

Регистон ансамбли мустақил дирекцияси илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Азамат Саматовнинг айтишича, 4 сентябрь куни Самарқандга АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси делегацияси ташриф буюрган. Меҳмонлар билан қатор учрашувлар ўтказилган, шу жумладан, уларни вилоят ҳокими қабул қилган. Тадбирлар дастури доирасида Регистон майдонида маданий кеча уюштирилиши режалаштирилган. Тантанали кеча 8 сентябрь куни ўтказилган. Кеча матбуотда ёритилмаган, аммо иштирокчиларнинг ўзи видео олиб, интернетга чиқариб юборган.

Директор ўринбосарининг таъкидлашича, кечада спиртли ичимликлар истеъмол қилинмаган. Шунингдек, мусиқа баландлиги 90 децибелдан ошмаслиги таъминланган (баланд мусиқа биноларга зарар келтиради, айниқса тарихий бинолар бундан кўп азият чекади). Тадбир учун дирекцияга ёки алоҳида шахсларга ҳеч қандай тўлов қилинмаган.

Самарқанд вилояти ҳокими матбуоти котиби Манучеҳр Мирзаев сўзларига кўра, Улуғбек мадрасасидаги қабулга вилоят ҳокимлиги алоқадор эмас, унда ҳокимлик вакиллари иштирок этмаган.

“Дарё”нинг суриштирувидан маълум бўлишича, тантанали кеча синагоганинг илтимосига биноан ташкил этилган. Самарқанд яҳудийлари диний жамияти – Ор-Авнер синагогаси 19 август куни вилоят ҳокимлигига хат билан мурожаат этиб, 7–8 сентябрь кунлари Регистон майдонида иккита тадбир – концерт ва тантанали кеча ўтказишга кўмак беришни сўраган. Ҳоким резолюцияси билан хат ижроси бир қанча ташкилотларга, улар қаторида вилоят маданият бошқармасига топширилган. Бошқарма ўзига бўйсунувчи Регистон ансамбли мустақил дирекциясига хатни чиқарган.

Биринчи тадбир – концерт ўтказилмаган, иккинчиси – тантанали кеча эса ўша ижтимоий тармоқлар муҳокама қилаётган видеода акс этган.

Шундай қилиб, тадбир вилоят ҳокимлигининг дастури доирасида эмас, Самарқанд яҳудийлари ташаббусига кўра ўтказилган.