Раъно Шодиева Ёшлар иттифоқи қошидаги янги марказга раҳбар бўлди

дек 23 / 2017

alt

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши қошида Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази ўз фаолиятини бошлади. Марказ имконияти чекланган ёшлар қатламини, жумладан ногирон, кўзи ожиз, эшитиш қобилияти чекланган, муомила лаёқатига эга бўлмаган ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

Марказга узоқ йиллардан буён, нафақат санъат соҳасида, балки имконияти чекланган ёшлар ва болалар билан ишлаш тажрибасига эга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева директор этиб тайинланди, дея хабар қилади Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Раъно Шодиева илгари “Сўзловчи қўллар” номли эшитиш имконияти чекланган болалар билан ишлашга мўлжалланган нодавлат нотижорат ташкилотига ҳам раҳбарлик қилган.

- Имконияти чекланган болалар оналарининг сабри, ирода ва матонати олдида бош эгаман. Ногирон бола дунёга келган оилада, тўғриси, онага қийин. Ҳар дақиқасини умид билан ўтказадиган оналарга ҳайкал қўйсанг арзийди. Юртимизда ҳам ана шундай оналар учун мактаб ташкил этишни ният қилган эдим, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан шундай таклиф билан чиқишганида бажонидил қабул қилдим. Бу менинг орзуим эди. Мазкур Марказ юртимиздаги имконияти чекланган ёшлар ва болаларнинг энг севимли ташкилоти бўлишига, уларни жамиятимизда муносиб ўрин эгаллашлари учун бор билим ва кўникмаларимни сафарбар қиламан", - дейди Раъно Шодиева.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамдаTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *