Ҳокимлик: "Абдулла Қодирий мажмуаси" учун 60 млрд. сўмдан зиёд маблағ талаб этилади

ноя 05 / 2019

alt

Ижтимоий тармоқларда “Абдулла Қодирий мажмуаси” билан боғлиқ хабарлар тарқалган эди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги  ҳукумат қарорига асосан ҳокимлик томонидан “Абдулла Қодирий мажмуаси”да амалга оширилаётган лойиҳа ва бунёдкорлик ишлари бўйича маълумот берди.

Ҳокимлик хабарида келтирилишича, мажмуа амалга оширилаётган лойиҳага кўра, Абдулла Қодирий боғи ҳудудида Қодирий номидаги ижод мактаби ва замонавий кутубхона барпо этилади, адибнинг ҳайкали ўрнатилади, шунингдек, адиб яшаган хонадон ва унинг атрофида ҳам ҳозирда реконструкция ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган бўлиб, бу жойда Абдулла Қодирий уй-музейи ташкил этилади.

Санаб ўтилган ишларни амалга ошириш учун 60 млрд. сўмдан зиёд  маблағ талаб этилади, жумладан, уй-музей учун – 12 млрд.сўм, мактаб ва ҳайкал учун – 40 млрд.сўм, ҳудуд атрофидаги хонадонларни кўчиришга компенсация учун – 10 млрд.сўм кўзда тутилган.

Абдулла Қодирий номини абадийлаштириш, унинг номидаги мажмуа ва уй музейини замонавий талаблар ва миллий анъаналар асосида барпо этишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш натижасида ҳозирда деярли эътибордан четда қолган ҳудудда “Абдулла Қодирий мажмуаси” тимсолида этно боғ ва этно шаҳарча барпо этилади.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилиши кўзда тутилмаган.

Лойиҳага кўра, боғнинг бир қисмида Абдулла Қодирий яшаган давр руҳи акс этган этно шаҳарча ташкил қилинади. Қолган қисми эса режалаштирилган бунёдкорлик ва юқори сифатда ободонлаштириш учун бино ва меҳмонхона барпо этиш мақсадида инвесторларга инвестицион шартлар билан таклиф этилмоқда.

Ушбу шарт орқали келиб тушган маблағлар юқорида кўрсатилган кутубхона, мактаб, ҳайкал, уй-музейини қуриш, юқори сифатдаги ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ва кўчирилаётган хонадонлар учун  компенсация  тўлаш мақсадларида сарфланади.

Натижада маълум муддат эътиборсиз қолган, ўз жозибадорлигини йўқотган боғ, “севишганларнинг” кечки учрашув жойи ва жиноят яратилишига қулай бўлиб қолган хилват ҳудуд тез орада кўркам, жозибадор, ёруғ ва обод масканга айланади.

Боғ инфратузилмаси тубдан янгиланади, мажмуада мингга яқин иш ўринлари яратилади. Миллий қиёфадаги, замонавий шарт-шароитларга эга, бир қарашда ўтмишимизни ёдга солувчи, шунингдек, ўз жозибаси билан нафақат юртимиз фуқароларини, балки чет эллик сайёҳларни кенг жалб этувчи этно шаҳарча – истироҳат боғига айлантирилади.

Юқорида айтилган реконструкция лойиҳаси ва режалар Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган, дейилади ҳокимлик маълумотида.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *