Ҳиндистондан хушхабар: Ўзбекистонлик разведкачилар "АрМИ – 2019" мусобақасида иккинчи ўринни эгаллади

авг 15 / 2019

alt

15 август куни Ҳиндистоннинг Ражастхон штати Жайсалмер шаҳри яқинидаги дала-ўқув майдонида 5 августда бошланган  “Қўшин разведкаси аълочилари – 2019” мусобақаси ўз якунига етди.
 
Мусобақада Ўзбекистон, Россия, Белорусь, Қозоғистон, Арманистон, Хитой, Ҳиндистон ва Суданнинг қўшин разведкачилари жамоалари ўзаро белашди.
 
Танлов бешта – “Десант бўлиб тушиш ва марш-бросокни амалга ошириш”, “Механик-ҳайдовчилар мусобақаси”, “Разведкачи сўқмоғи”нинг комплекс тўсиқларини енгиб ўтиш”, “Ўқ отиш” ва “Разведка бўлинмасининг вазифани бажарганидан сўнг йиғин пунктига чиқиши” босқичларидан иборат бўлди.
 
Охирги – бешинчи босқичда ўзбекистонлик разведкачилар юқори натижаларни кўрсатиб, қурол-аслаҳалар ва тўлиқ жанговар экипировкада сувли тўсиқдан сузиб ўтиш шартини 13 дақиқаю 22 сонияда бажариб, мусобақа рекордини ўрнатишди.
 
Бўлиб ўтган барча бешта босқич натижаларига кўра, ўзбекистонлик қўшин разведкачилари иккинчи ўринни эгаллашди. Бу ҳақда Ҳиндистондан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги офицери Ғайрат Юлдошев хабар берди.
 
Мусобақа якунида шоҳсупа қуйидагича кўриниш олди:
 
I ўрин – Ҳиндистон жамоаси;
 
II ўрин – Ўзбекистон Республикаси жамоаси;
 
III ўрин – Россия Федерацияси жамоаси.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *