Ҳаж зиёрати сарф-харажатлари 5 млн сўмга арзонлашди

июл 23 / 2019

Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 23 июль куни “Ҳаж-2019 мавсуми” мавзусида оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил этилди.
 
Унда Ҳаж сафарига жўнаб кетаётган зиёратчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, ҳаж сарф-харажатларини янада арзонлаштириш мақсадида “Ҳаж  – 2019” мавсумига тайёргарлик ишлари барвақт бошлангани, галдаги вазифалар тизимли ташкил этилаётгани қайд этилди.
 
Қўмита матбуот хизмати хабар қилишича, бу йил ҳожиларимиз сафар олдидан ижтимоий кўмакка муҳтож шахслар, кам таъминланган оилалар ва аҳоли учун хайрия ёрдами сифатида ўз ташаббуслари билан 9 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатган.
 
Жорий йилдан эътиборан Саудия Арабистонида барча турдаги хизматларга 5 фоизлик қўшимча қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга яна 2,5 фоизлик солиқ киритилгани, хизмат кўрсатиш нархларининг ошишига сабаб бўлиши, лекин Ўзбекистонлик ҳар бир зиёратчи учун белгилаган хизматлар нархи оширилиши ўрнига, сезиларли даражада туширилгани, бу йилги Ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлари сметаси бўйича ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ 33 миллион 300 минг сўм этиб белгилангани, яъни нарх 5 миллион сўмга арзонлаштирилгани алоҳида келтирилди.
 
Юртдошларимиз 24 июль – 3 август кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина ҳамда Нукус-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатилиб, шу йўналишларда мамлакатимизга қайтиб келадилар.
 
Зиёратчиларимиз шу йилдан эътиборан Мадина шаҳрида 5 юлдузли “Пуллман замзам” меҳмонхонасида, Макка шаҳрида 4 юлдузли “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхоналарида истиқомат қилишади.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *