Ҳаётимда бундай стрессга тушмаганман, ҳатто ўзимни ўлдиришни хоҳладим

ноя 27 / 2019

alt

Кўпчиликка маълум, анча олдин Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси, хоразмлик Рухсора Машарипованинг мамлакатимиздаги ўзгаришлар ҳақида “Биз ёшлар кутгандик, билгандик мана шундай ўзгаришлар бўлишини, лекин тушимизга ҳам кирмайдиган бундай катта бир ўзгаришлар биз ёшларни жудаям бир жўшқинлантирди”, дея айтган баландпарвоз гаплари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Яқинда, яъни бир ҳафтача олдин Рухсора Машарипованинг Андижон вилоятида бўлган ва вилоят ҳокими иштирок этган йиғилишда Андижон ҳақида билдирган баландпарвоз гаплари акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бу видео кўпчилик томонидан қизғин муҳокама қилинди ва Рухсора Машарипова томон кўплаб танқид тошлари отилди. Ўша видеога Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев ҳам муносабат билдирганди

Бугун блогер Нозим Сафарийнинг айнан ўша тарқалган видео бўйича Рухсора Машарипова билан бўлган интерьвюси блогернинг YouTube ва телеграм каналларида эълон қилинди.

Рухсора Машарипова Андижондаги чиқиши ҳақида шундай дейди: “Очиғи ҳаётимда бундай стресга тушмаганман, уч кун бир хонадан чиқмай, светни ҳам ёқмай, овқатланмасдан, фақат шарҳларни ўқидим ва йиғладим. Сиз ҳеч ўйлаганмисиз, ўзингизни ўлдириш ҳақида. Мен телевизор ёки интернетда жуда кўп кўрганман, кичик бир воқеа сабаб ёшлар ўзларини ўлдирганини, осганини ёки ёқиб юборганини. Шунда мен ўзимга айтардим, ҳеч бир нарса инсон ҳаётидан муҳим бўлолмайди, нима бўлишидан қатъи назар деб. Лекин ҳаётда шундай нарсалар бўларканки, инсон буни (ўзини ўлдиришни) хаҳларкан, менда ҳам шунақа бўлди. Ҳамма ёмон кўргандек, ўзингизни кераксиздек ҳис қилиши, бу жуда ёмон. Ҳамма сизни ёмон кўриб, ёмон шарҳлар ёзса, бир зумда йўқолиб, ҳаммасидан қутилгингиз келади. Шунда мен ўйладим, агар шу ишни қилсам (ўзимни ўлдирсам) бундан ота онам сиқилади, азоб чекади, яқинларим қийналади. Ота онам ва Ёшлар иттифоқидаги опаларим, акаларим ва бошқа яқинларнинг ўша ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда мени ёнимни олиб, қўллаб-қувватлаб шарҳ қолдиргани мени кўнглимни кўтарди ва бу стресдан чиқиб кетишимда катта ёрдам берди.”

Шунингдек, Рухсора бундай ҳолат ота онаси ва яқинларидан ўзоқда бўлган одам учун жуда қаттиқ зарба бўлишини ва буни душманига ҳам раво кўрмаслигини таъкидлайди. Бу воқеалар унга жуда катта сабоқ бўлгани ва шундан сўнг ўзини бир ёшга улғайгандек ҳис қилаётганини айтган.

Блогернинг биз билгандек, биз кутгандик, воқеасидан кейин яна нима учун шу руҳда гапирдингиз, деган саволига Рухсора, биз шундай тарбияландик, жамиятни ўзи бизни шундай тарбиялаб қўйди. Биз тадбирларда шеър айтик, жўшқин маърузалар қилдик, шунинг учун тадбирларни, давларни тўри бизники бўлди. Ёшлигимиздан шу руҳда катта бўлдик, ҳамма бизни олқишлади, ҳечким бунақа гапирма демади, шу руҳда гапириш руҳиятимизга сингиб бўлганди, дейди.

 Нима учун, қайта туғилиш имкони бўлганида Андижонда туғилишни хоҳлардим, деган гапни айтдингиз, дея берилган саволган Рухсора Машарипова, мана шу гап учун ҳам жуда кўп танқидлар бўлганини айтиб, “Ҳамма туғилиб ўсган жойини яхши кўради, ҳатто чекка бир қишлоқда туғилиб ўсган бўлса ҳам ҳечким ёмон кўрмайди, худди шундай мен ҳам. Бу гаплар чуқур ўйланмаган, шунчаки, ўша даврадаги олқишлар, кўтаринкилик вақтида айтилган гап”, дея жавоб берган.     

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *