Ҳарбий хизматчилар мураккаб тоғ шароитида шартли ярадорларни қутқарди

окт 29 / 2018

– Тик қояли жойларда яраланганларни эвакуация қилиш, тоғ табиий тўсиқларини енгиб ўтиш ва ўқув жанговар вазифалар муваффақиятли бажарилди

alt

Марказий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмлардан бирининг ҳарбий хизматчилари Бахмал туманида жойлашган тоғли ҳудудда мураккаб амалий машғулотлар ўтказди.

Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда ўтказилган машғулотлар ҳарбий хизматчиларда тез ўзгарувчан ҳарорат, туман ва булутли ҳаво, кислород сийрак бўлган шароитларда ҳаракатлана олишларида кўникма ҳосил қилади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

alt

Машғулот давомида тик қояли жойларда яраланганларни эвакуация қилиш, тоғ табиий тўсиқларини енгиб ўтиш ва ўқув жанговар вазифалар муваффақиятли бажарилди. Тоғли ҳудудлардаги жанговар ҳаракатлар асосан довонларни, тепалик ва ўтиш йўлларини эгаллаб туриш, қўшин колонналарини олиб ўтиш учун имконият яратишга қаратилади. Бу ҳаракатларда кўп сонли қўшин эмас, аксинча, кичик гуруҳлар қўлланилади. Сўнгги йилларда дунёнинг турли нуқталарида бўлаётган ҳарбий ҳаракатлар таҳлили асосида ишлаб чиқилаётган ўқув машғулотлари Мудофаа вазирлиги қўшинларида кундан-кунга такомиллаштирилмоқда.

alt

«Шу кунларда қишки машқларга тайёргарлик кўряп­миз. Қор ва изғирин аёзда яшовчанликни ошириш бўйича машқларни ўтказишни режалаштиряпмиз. Барча зарур анжомлар билан мана шу тоғларга чиқиб, бир суткалик машғулотларни гуруҳлар миқёсида мусобақа тарзида ташкиллаштиришни кўзда тутганмиз», – дейди сержант Алишер Каттақулов.

alt

Ҳарбий қисм қўмондонлиги таъкидлашича, шахсий таркибнинг машғулотлари бир-бирини такрорламайдиган, аксинча, бир-бирини тўлдирадиган янги усулларда ўтказилмоқда. Бунда тоғ шароитларида бўлинмадан ажралган ҳолда мустақил ҳаракат қилиш ва шу орқали ҳарбий хизматчининг бардоши ва иродасини чиниқтириш назарда тутилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *