Пропискага оид қарорнинг уй-жой бозоридаги вазиятга таъсири қандай бўлди?

окт 30 / 2018

 

– Ўтган бир ҳафта давомида бирламчи бозорда нархлар 5-8 %гача юқорилаган 

– Иккиламчи бозордаги нархлар 3-5 %га пастлаган

alt

Хабарингиз бор, ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳри ва вилоятида бирламчи бозорда қийматидан қатъи назар (битим суммаси миқдори ҳатто 1 сўм бўлиши мумкин) уй-жой сотиб олган вилоятлик фуқаролар пропискага қўйилиши белгиланди. Пропискага эга бўлмай туриб иккиламчи бозорда турар жой сотиб олишга рухсат берилмади. 
 
Davletovuz каналида билдирилган фикрларга кўра, бу уй-жой бозоридаги тушкунликни янада кучайтирган. 
 
Тошкент шаҳри ва вилоятида ўтган йиллар давомида иккиламчи бозорда қачонлардир ўз номига ўтказиб олиш умидларида таниши ё қариндоши номига уй сотиб олган ўн минглаб вилоятликларнинг ҳафсаласи пир бўлган. Пойтахт ва пойтахт вилоятининг бутун-бутун туманлари вилоятликларнинг "квартал"ларига айланган (бекорга Қашқадарё вилоятининг пойтахти Чилонзор деган гаплар пайдо бўлмаган). Дарвоқе, мулкка бўлган ҳуқуқнинг асосланмаганлиги, эгасизлик ва эртанги кунга ишончсизлик бу ҳудудларда коммунал хўжалик ва уй-жой бошқарувининг абгор ҳолатининг сабабларидан биридир. 
 
Бусиз ҳам тубда бўлган иккиламчи бозор нархлари тренди эълон қилинган янгиликдан сўнг яна қуйига қараб шўнғиган. Ҳудудларга қараб шу ҳафтанинг ўзида иккиламчи бозордаги нархлар 3-5 фоизга пастлаган.
 
Бирламчи бозорда уй-жой (тайёр ё котлован босқичида) қурувчи ё девелоперлар вазиятдан спекулятив мақсадларда фойдаланишга уринмоқда (прописка олиш умидидаги вилоятликлар учун атайин ажиотаж ҳосил қилинмоқда). Ўтган бир ҳафта ўн кун давомида таклиф нархлари 5-8 фоизгача юқорилаган (юқори доирадаги лоббизмдан асосий мақсад ҳам аслида шу бўлган). 
 
"Тавсиямиз, агар маблағингиз бўлса, бирламчи бозордан уй олишга шошилманг, айниқса, қуриб битирилмаган уйлардан сотиб олишга. Спекуляция эффекти бир муддат ўтиб сўнади. Чунки айни пайтда пойтахт регионида талабдан кўра таклиф ҳаддан зиёд кўп", – қайд этади муаллиф. 
 
Таъкидланишича, мамлакатда ва умуман пойтахтда уй-жой нархини белгиловчи асосий омил прописка институти эмас, аҳоли даромадларининг ўсиши ҳисобланади. 2002-2008 йилларда пойтахтда уй-жой нархи 5-8 баробарга ошган, бу пайтда прописка режими энг кучайтирилган давр бўлган. 1996-1999 йилларда уй-жой нархи 2-3 баробар арзонлаган. Ваҳоланки, бу даврда пойтахт регионида прописка режими очиқ бўлган, лекин аҳоли даромадларида кескин пасайиш бўлган. Охирги 2 йилда аҳолининг реал даромадларида ўсиш кузатилгани йўқ, кейинги 3 йилда ҳам бунга ишоралар кўринмаяпти. 
 
Кузатувларга кўра, Golden House Mirabad Avenue'даги уйларнинг энг арзонини 1 кв.м 18,1 млн.сўмдан таклиф этмоқда, бир ҳафта аввал 15,4 млн.сўм эди. Пентхаусдаги квартиралардан бирига 6,9 млрд.сўм нарх қўйилган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *