Пропискага оид петицияни эълон қилиш рад этилди

июн 28 / 2019

 

Аввалроқ «Менинг фикрим»  порталига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка режимини бекор қилиш тўғрисидаги петиция жойлангани хабар қилинганди.
 
Хушнудбек Худайбердиев ушбу петицияга модератор томонидан рад жавоби берилганини маълум қилди:
alt
 
"Рад қилишнинг асоси сифатида баландпарвоз гаплар ёзилган. Айтишларича, доимий пропискани соддалаштириш бўйича кўп ишлар қилинаётган эмиш, шу сабабли менинг петициямни эълон қилиш рад этилганмиш.
 
Ваҳоланки, мен пропискани соддалаштиришни эмас, бу тизимни бутунлай бекор қилишни сўраганман. Бу иккаласи мазмунан бошқа-бошқа нарсалар эканлигини тушуниш қийин эмас.
 
Лекин хулосада Низомнинг айнан қайси банди бўйича рад қилинганлиги айтилмаган. Бунга ҳайрон қолмаса ҳам бўлади, чунки Низомда рад қилиш асослари аниқ саналган бўлиб, менинг петициям уларнинг бирортасига тушмайди. Қандай асос билан рад қилаётганини ўзлари ҳам билишмайди.
 
Хуллас, бу порталдан кўнглим қолди. Фақат раҳбарларга ёқадиган петицияларни ўтказиб, сал ёқмайдигани чиқиб қолса, асоссиз рад қиладиган бўлишса, бунақа порталдан кимга нима фойда?
 
Ёдингизда бўлса, Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиш зарурлигини таъкидлаб ўтган эдилар.
 
“Менинг фикрим” портали ҳам шу ташаббус ортидан очилганди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу мақсади "халқ - қонунларнинг асосий ижодкори бўлсин" деган принцип устига қурилганди.
 
Аммо прописка ҳақидаги петициянинг ассосиз рад қилинганини кўриб, айтиш мумкинки, портални юритаётганлар, назорат қилаётганлар ўзларининг асоссиз цензуралари орқали халқнинг фикрини бўғишмоқда, фақат ўзларига ёқадиган жамоавий мурожаатларни ўтказиб, сал ёқмайдиганлари чиқиб қолса, рад этишиб, кўзбўямачилик билан шуғулланишмоқда. Президентнинг ишончи ҳайф Сизларга!" – деб ёзади блогер.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *