Президент тақиқига қарамай, ўқитувчиларни пахта йиғим-теримига ва мажлисларга жалб қилиш ҳолатлари қайд этилди

окт 16 / 2018

 

– Сурхондарёда ҳокимлик ва прокуратура раҳбарлари вилоят халқ таълими бошқармаси вакилларидан пахта йиғим-теримига одамларни жалб қилишни талаб қилган. Андижон ва Навоийда бу бўйича текширув бошланган 

– Қашқадарёда Қамаши тумани ҳокими ҳар душанба куни соат 06:30 да 89 та мактаб раҳбарларини селектор йиғилишига чақираётгани маълум бўлган

alt

Президент ва ҳукумат томонидан тақиқланганига қарамай, Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида ўқитувчилар ва халқ таълими ходимларини пахта йиғим-терими ҳамда турли мажлисларга жалб қилиш ҳолатлари қайд этилган.

Сурхондарё вилоятининг айрим туманларида ҳокимликлар ва прокуратура раҳбарлари вилоят халқ таълими бошқармаси вакилларидан пахта йиғим-теримига одамларни жалб қилишни талаб қилишмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳолат юзасидан вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати вакиллари вилоят прокуратураси раҳбарияти билан суҳбатлашди ва натижада пахта йиғими учун ташкил этилган штаб-квартирада таълим ходимларини мажлисларга жалб қилиш тўхтатилди. Бундан ташқари, пахта теримига жалб қилинган ўқитувчилар уйига жўнатилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидан 450, Жиззах вилоятидан 39 киши ўз уйига қайтди.

Ҳозирги вақтда вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати Андижон ва Навоий вилоятларида ўқитувчиларнинг йиғим-терим ишларига жалб этилганлиги ҳақидаги маълумотни текширмоқда. Ўрганиш натижалари белгиланган тартибда чора кўриш учун Бош прокуратурага тақдим этилади.

Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармалари ходимлари ва мактаб директорларини ҳокимликда ўтаётган турли йиғилишларга жалб қилиш ҳолатлари учраб турибди. Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани ҳокими ҳар душанба куни соат 06:30 да 89 та мактаб раҳбарларини селектор йиғилишига чақирмоқда.

Маълумки, Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўқитувчиларнинг турли назорат органлари томонидан текширувини чеклаш, ободонлаштириш ишларига ўқитувчиларни жалб қилиш, турли йиғилишларда иштирок этиш, обуна кампанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилишни тақиқлаш зарурлиги таъкидланганди. Қолаверса, ўқитувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ҳуқуқий хизматни ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўқитувчилардан шикоятларни қабул қилиб олишда “Устоз овози” виртуал инспектор хизматини ишга туширган.

Вазирлик ўқитувчилар ва халқ таълими муассасалари ходимларини қонуний ҳуқуқлари бузилган тақдирда, “Устоз овози” виртуал инспекторига ёки Телеграмм ботига мурожаат қилишга чақиради. 

Шунингдек, ҳудудий раҳбарларни бу соҳада таълим тизими ходимларининг ҳуқуқларини бузилишига алоҳида эътибор қаратишини сўрайди, чунки Президент қарорларини тўғри амалга оширмасдан, юқори малакали мутахассисларни таълим тизимига қайтариш жуда қийин.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *