"Озодлик" радиосининг "ёлғончилиги" ҳақидаги баёнотга изоҳ берилди

сен 10 / 2019

alt

Аввалроқ Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов «Озод Европа/Радио Озодлик» радиоси ўзбек хизматининг иш услубига нисбатан ўз хавотирини билдирган ва ушбу радиоэшиттиришлар ташкилотининг Ўзбекистон билан боғлиқ фаолиятида нохолислик ва нопрофессионаллик мавжудлигини қайд этган эди.

Шунингдек, Агентлик директори «Озодлик» радиоси томонидан алдамчилик билан ахборот йиғиш, аудиоёзувларни сохталаштириш ва «сохта аккаунт»лардан асоссиз маълумотларни тарқатиш учун фойдаланиш ҳолатларини айтиб ўтган эди. «Озодлик Радиоси»нинг ўзини «Хоразмдан Шуҳрат», «КабМиндан Ойбек» деб таништирадиган мухбирлари фаолияти фош этилгани ёдингизда бўлса керак.

Америка Қўшма Штатларининг глобал медиа Агентлиги (USAGM) «Озод Европа/Радио Озодлик» радиоси ўзбек хизмати – «Озодлик» радиоси томонидан журналистик этика қоидаларини бузганликлари тўғрисидаги баёнотига изоҳ берди.

«Америка агентлигининг бош ижрочи директори Жон Лэнсингнинг таъкидлашича, USAGM журналистик этика қоидалари бузилишига оид барча баёнотларга жиддий ёндашади ҳамда «Озод Европа/Радио Озодлик» радиосининг бирор хизмати ёки журналистининг нотўғри талқинларига йўл қўймайди ва оқламайди. Агентлик раҳбари «холислик ва беғаразликнинг энг юқори стандартларига риоя қилиш муҳимлигини» таъкидлади, чунки улар, Жон Лэнсингнинг қайд қилишича, АҚШ глобал медиа агентлиги ҳам амал қиладиган «асосий тамойиллардир».

«RFE/RL»нинг қайта тайинланган президенти ва бош ижрочи директори Жейми Флай «Озод Европа/Радио Озодлик» радиоси ўзбек хизмати фаолияти билан боғлиқ ташвишлар етказилгани учун миннатдорчилик билдирди ва келтирилган фактларни батафсил ўрганишини таъкидлади».

Маълумот учун, USAGM – Америка Қўшма Штатлари ҳукуматининг мустақил агентлиги бўлиб, унинг таркибига «Америка овози», «Озод Европа/Радио Озодлик» радиоси (RFE/RL) ва бошқа радиоэшиттириш тузилмалари киради.