Озодбек Назарбеков: жорий йилда концерт дастурларида фақат жонли ижро бўлади

янв 07 / 2019

Озодбек Назарбеков: жорий йилда концерт дастурларида фақат жонли ижро бўлади

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ЎзАга берган интервьюсида жорий йилда концерт дастурларида фақат жонли ижро бўлишини таъкидлаб ўтди.

Мазкур суҳбатни тўлиғича ҳавола қиламиз:

– Бугунги кунда аксарият хонандалар қўшиқларни фонограмма орқали ижро этмоқда. Жонли ижрода куйлаш талаби эса деярли амалда йўқ. Жорий йилда бу борада қандай чора-тадбирлар амалга оширилади?

– Мамлакатимизда мусиқа санъатини янада ривожлантириш, айниқса, жонли ижрони рағбатлантириш, ёш авлодни миллий ва жаҳон мусиқасининг нодир намуналаридан кенг баҳраманд этиш, улар қалбида санъатга меҳр ва муҳаббатни янада кучайтириш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Конституциянинг 27 йиллиги муносабати билан ўтказилган концерт ёш истеъдод эгалари ва таниқли санъат усталари иштирокида жонли ижрода намойиш этилди ва ушбу концерт дастури соҳа мутахассислари ва халқимиз томонидан ижобий қабул қилинди. 

Миллий эстрада ижрочилигининг жонли ижродаги тарғиботини кучайтириш, унинг афзалликлари, айниқса, миллий ижрочиликда тутган ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва нодавлат телеканаллари орқали “Олтин микрофон”, “Имкон шоу”, “Cover up”, “Жонли ижродаги дуэл” каби туркум кўрсатувлар намойиш этилмоқда ва уларни кейинги йилларда ҳам давом эттириш кўзда тутилган.

Жорий йилда истеъдодли хонандаларни аниқлаш ва уларнинг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат тадбирлари концерт дастурларини жонли ижрода ташкил этиш чораларини кўришни режалаштирганмиз.

Президентнинг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида кейинги икки йил мобайнида композиторлар, бастакорлар ва созандалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳаваскорлар орасидан истеъдодли ижрочиларни аниқлаш мақсадида турли даражадаги кўрик-танловлар ўтказиш, “устоз-шогирд” анъанасини янада ривожлантириш сингари бир қатор бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган.

2020 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ёш мақом ижрочиларининг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён этиш, ёшлар орасида мақом санъатига бўлган қизиқишни ошириш, ёшларнинг мақом ижрочилиги кўникмаларини янада ривожлантириш, ўзбек мусиқа ижрочилиги маданиятини янада юксак даражага кўтариш, миллий мақом санъатини дунё саҳналарига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни кашф этиш, рағбатлантириш ва уларнинг ижодини тарғиб этиш мақсадида Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” республика танлови ўтказилади. Аҳолининг маданий эҳтиёжларини қаноатлантиришга, ёшларни юқори савиядаги, жонли ижродаги миллий эстрада қўшиқлари намуналари асосида тарбиялашга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирлар, концертлар ва гастроллар тизимли равишда ташкил этилади. 

Мамлакатимизда нуфузли халқаро танловларда юқори ўринларни эгаллаб келаётган ёшларимиз кўп. Ана шундай ёшлар ҳамда маданият ва санъат муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг иқтидорли мутахассис ва ўқувчиларнинг ижодини тарғиб қилишга мўлжалланган телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар тайёрлаш борасида ҳам ҳамкорлик келишувларини амалга оширмоқдамиз.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳузуридаги “Ўзбекистон халқ артистлари клуби” аъзолари зиммасида эса болалар мусиқа ва санъат мактабларида ижрочилик маҳорати, айниқса, жонли ижро санъати борасида маҳорат дарсларини ўтказиш ва истеъдодли ёшларни кашф этиш вазифалари турибди.

Олдимиздаги мақсад ва режаларимизнинг барчаси келгусида миллий мусиқа ижрочилиги анъаналарини сақлаш, асраб-авайлаш ва уни юксалтиришга хизмат қилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *