Наманганда депутатликка номзод текин озиқ-овқат тарқатгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди

дек 20 / 2019

alt

Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, депутатликка номзодлар ташвиқотни сайловчиларга имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш билан қўшиб олиб бориш тақиқланган.

Ушбу тартиб қонун билан қатъий белгилаб қўйилишига қарамасдан, Халқ депутатлари вилоят кенгашига Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Наманган шаҳридаги 32-Исфархон сайлов округидан номзоди кўрсатилган З.Ходжаев 2019 йил 3-4 декабрь кунлари Наманган шаҳридаги номзоди қўйилган “Ҳақиқат” ҳамда “Марғилон” МФЙда яшовчи сайловчилар билан учрашиб, сайлов куни унга овоз беришлари учун уларга озиқ-овқат маҳсулотларини текин тарқатиб, сайловолди ташвиқотини олиб борган, деб хабар қилади бош прокуратура матбуот хизмати.

Ушбу ҳолат юзасидан, Наманган шаҳар прокуратураси томонидан З.Ходжаевга нисбатан МЖтКнинг 51-5-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Наманган шаҳар маъмурий судига юборилган.

Наманган шаҳар маъмурий судининг 20.12.2019 йилдаги қарорига асосан З.Ходжаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-5-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *