Наманганда бир "ишбилармон" қишлоқдошларини 41 млн. сўмга чув туширди

янв 21 / 2020

alt

2019 йил декабрь ойи бошларида Янгиқўрғон туманида яшовчи 40 ёшли Ғ.К. ўзининг ҳамқишлоқларини алдаб, уларнинг мулкларини қўлга киритиш мақсадида олдиндан режа тузган. Шу тариқа у 25 ёшли Т.М.дан умумий баҳоси 14.700.000 сўмлик 2 бош қора молларини пулини 4 кун ичида тўлаб беришни ваъда қилиб, алдаб олиб кетган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилади.

Бундан ташқари, Ғ.К. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран, яна 3 нафар қишлоқдошларини умумий баҳоси 26.500.000 сўмлик уч бош қорамолларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Барча ҳолатда Ғ.К. берган ваъдасини бажармасдан қора молларини бошқа шахсларга сотиб, келишилган пулларни эгаларига бермасдан ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган. Кейинроқ алданганликларини билган жабрланувчилар январь ойи ўрталарида фуқаро Ғ.К.га нисбатан ариза билан ИИБга мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгиқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (кўп миқдордаги фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *