Муфтий Усмонхон Алимов "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотланди

янв 06 / 2020

alt

Бугун, 6 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фармонига асосан «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди, деб хабар қилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати.

Таъкидлаш керак, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мамлакат мустақиллигини, унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчилигининг иззат-ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланадилар.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари 1950 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида зиёли оилада таваллуд топганлар. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда эса Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олганлар.



Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980-1982 йилларда имом ноиби вазифасида, 1987-1989 йилларда, сўнгра яна 1990-2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритганлар. Шу билан бирга, 2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимида ишлаганлар.
Усмонхон Алимов ҳазратлари 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланиб, 14 йилдан буён шу лавозимда самарали фаолият олиб бормоқдалар.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *